БАДКИРДОРНИНГ СЎНГГИ БЕКАТИ

Инсон танасининг соғлом ривожланишига турли касалликлар раҳна солиб туради. Фақатгина мустаҳкам иммун тизими ушбу касалликларнинг барҳам топишига замин ҳозирлайди.

Жамиятимиздаги соғлом фаровон турмуш тарзига тўсиқ қўювчи иллат қайси? Бу, албатта, биринчи навбатда, турли кўринишларда намоён бўлувчи жиноят. Жиноятнинг ҳар қандай кўринишини фош этувчи, пайини қирқувчи куч барча ислоҳотлар инсон манфаатлари тамойилига қурилган жамиятимизда етарли даражада шаклланган.

Кейинги йилларда юртимизда фирибгарлик жиноятининг кўпайиб бораётгани ҳар қандай юрт эртаси, келажаги учун қайғураётган, соғлом фикрли, юксак маънавиятли кишини ўйга толдиради, хавотирга солади.

Ҳаммамиз ҳам тирикчилик ташвиши, рўзғор учун эрта-ю кеч тиним билмаймиз: меҳнат қиламиз, елиб-югурамиз яратамиз, излаймиз, тер тўкамиз.  Аммо бу йўлда бировни алдаш, қўйнини пуч ёнғоққа тўлдириш эвазига қўлга киритилган пул билан жиғилдон нафсини қондиришга асло ҳеч кимга йўл берилмаган.

Қаҳрамонимиз С.Й. биринчи бор фирибгарлик йўли билан  Ҳ.Д. ни алдаб, унинг аввал 437 минг сўм, кейинроқ 100 АҚШ доллари миқдоридаги пулларини қўлга киритганда, пул топишнинг осон ва ва қулай йўлини излаб топгандай қувонди. Ҳаром луқманинг хумори тез қўзғади. С.Й. навбатдаги қурбонлик учун «овга чиқди». Янги ўлжа узоқ куттирмади.

Ўғлини Жанубий Кореяга ишга жўнатилиши ҳақидаги чўпчакка лаққа тушган А.О. фирибгарнинг қўлига 1400 АҚШ долларини тутқазади.

С.Й.нинг иштаҳаси очилгани сайин жабрдийдалар сафи кенгая борарди. Бу орада қаҳрамонимиз ўзи танлаган йўлнинг охирги нуқтаси, сўнгги бекатига етиб келганини англаб ҳам улгурмади. Фуқаро С.Й. ўзининг такроран алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини қўлга киритишда ифодаланган жиноий ҳаракатлари учун қонун олдида жавоб берадиган бўлди.

Илёсбек ХЎЖАНОВ,

туман ИИБ ТБ терговчиси, катта лейтенант.