ИНСОНПАРВАРЛИКНИНГ АМАЛДАГИ ИФОДАСИ
Имконияти чекланганларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, меҳр-мурувват кўрсатиш халқимизга хос азалий қадриятлардандир. Ушбу қадриятлар қонунларимизга ҳам ўз аксини топган. Бу каби хайрли ишларни янада ривожлантириш мақсадида қонунларимиз такомиллаштирилиб борилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 25 йиллиги олдидан туманимиздаги кам таъминланган, муҳтож оилалардан 8 тасига туман прокуратураси ташаббуси билан газ баллонлари, газ плитаси, кўмир, озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.
-Турмуш ўртоғим вафот этганига бир йилдан ўтди. 3 нафар фарзандим билан ёлғиз яшайман, -дейди Гулзор маҳалласида яшовчи Саодат Иброҳимова. -Бугун хонадонимизга ташриф буюриб, газ баллони плитаси билан, кўмир ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келишди. Кўрсатилаётган ғамхўрлик учун туманимиз раҳбарларига миннатдорчилик билдираман.
Туман ҳокими ўринбосари Санжарбек Ҳамидов, туман прокуратураси вакили Раҳмонжон Абдуллаев, туман ДСИ бошлиғи Расулжон Атахонов, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Абдуғаффор Режаббоевлар туман бўйлаб кам таъминланган оилалар хонадонларига бориб, совғалар топширишди.
Ҳасанбой ОНАРБОЕВ,
туман Кенгаши депутати.

