МЕНИНГ МАҲАЛЛАМДА ЖИНОЯТ СОДИР БҒЛМАСЛИГИ КЕРАК

5 декабрь куни Бирлашган маданият ва аҳоли дам олиш марказида ана шу мавзуда туманимизда жиноятчиликка қарши курашиш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган туман ҳокими А.Турдиев раҳбарлигидаги 1-секторда йиғилиш бўлиб ўтди. Унда маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар ва йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилиниб, келгуси вазифалар белгиланди.

Мамлакатимизда фуқаролар тинчлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш борасида мутлақо янги тизимни шакллан-тириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Маҳалланинг бу борадаги ўрни ва таъсирини ошириш, профилактика ишлари самарадорлигини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Йиғилишда Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлими раиси Тоҳиржон Исматиллаев, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси ўринбосари Абдимуталли Нажмиддиновлар «Менинг маҳалламда жиноят содир бўлмаслиги керак», деган туйғуни ҳар бир фуқаро, айниқса, ёшлар онгида шакллантириш, бефарқлик, лоқайдликка барҳам бериш, пировардида, ҳар бир оила, таълим муассасаси, маҳаллани жиноятчиликдан холи ҳудудга айлантириш юзасидан фикр юритишди. Маҳалла, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарлик учун омил бўлаётган ишсизлик, гиёҳвандлик, оилавий низо каби салбий ҳолатларнинг вақтида олдини олиш чораларини кўриш зарурлиги таъкидланди.

Маҳмуджон ҒАФФОРОВ,

туман Кенгаши депутати.