МЕҲР ВА САХОВАТДАН ЯШНАЙДИ ОЛАМ
«Халқаро ногиронлар куни» муносабати билан туманимизда ҳам кўплаб саховат тадбирлари бўлиб ўтди.
Туман марказидаги жисмоний ёки психик ривожланишдан ортда қолган болалар тарбияланаётган ихтисослаштирилган 1-сонли махсус давлат мактабгача таълим муассасасида ҳар йили байрам ўзгача тарзда ташкил этилади. Бу йилгиси ҳам унутилмас бўлди. Муассасага Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазирининг ўринбосари Собитхон Турғунов, вилоят мактабгача таълим бошқармаси бошлиғи Ҳилола Юсупова, туман ҳокими Абдуғани Турдиев, туман прокурори в.б. Воҳиджон Нишонов, туман ИИБ бошлиғи Санжар Абдуллаевлар ташриф буюриб, болажонларни байрам билан қутлашди ва совғалар улашишди.
-Ҳар йили мутасадди раҳбарларнинг масканимизга ташрифи, кичкинтойларнинг хурсандчилигига шерик бўлиши бизни беҳад севинтиради, бундай эътибордан миннатдормиз, -дейди муассаса мудираси Назирахон Маҳаммадалиева. -1-мактаб ўқитувчиси, «Шуҳрат» медали соҳиби Орифжон Аҳмадалиев раҳбарлигидаги «Ёш дурадгор» тўгараги аъзоларидан Бекзод Худойбердиев, Мусахон Адашбоев, Обиджон Олимбоевлар ҳам ўзлари ясаган ва тайёрлаган турли хил совғаларни тақдим қилишди. Бундан жажжи болажонлар чексиз қувонишди.
«Мустақиллик боғи»да бўлиб ўтган байрам тантанасида икки юзга яқин ногиронлар вакиллари қатнашди. Туманимиз раҳбари уларни байрам билан қутлаб, эзгу тилаклар билдирди. Ногиронлик аравачаси ҳамда озиқ-овқат маҳсулотларидан иборат совғалар, китоблар туҳфа қилинди. «Нуроний», «Маҳалла», таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси туман кенгаши вакиллари кўнгли ўксик ҳамюртларимизга севинч улашишди. Туман маданият бўлимининг байрам дастури барчага завқ-шавқ бағишлади.
Шу куни туман ҳокими Абдуғани Турдиев, Ўзбекистон Республикаси Президентининг туманимиздаги Халқ қабулхонаси мудири Жамолиддин Низамов, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси раиси Абдуғаффор Режаббоевлар узоқ вақт ётиб қолган ногиронлар, кексалар ҳолидан хабар олишди, 23 нафар ҳамюртимизга ногиронлик аравачасини топширишди. Якка тартибда таълим олаётган 12, 36-мактабларнинг ўқувчилари Бобур Боймуҳаммедов, Яҳё Асқаровларнинг хонадонига туманимиз раҳбари ташриф буюриб, эсдалик совғаларини тақдим қилди, улар билан орзу-мақсадлари ҳақида суҳбатлашди.

