БЕФАРҚЛИКМИ ЁКИ …

Бир саҳобий Пайғамбаримиз алайҳиссаломдан ўзини жаннатга киритадиган амални ихлос билан сўрабди. “Менга жаннат йўлини кўрсатинг, шуни қилсам, жаннатга кирай”, -дебди. Шунда ул Зот: «Одамлар йўлидаги озор берувчи нарсани олиб ташла», -дедилар.

Одатда, одамлар эринчоқлик қилиб, йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлашни унчалик хуш кўрмайдилар ёки уни олсам, уст-бошим, қўлим кир бўлади, кўрганлар нима дейди, каби ҳар хил фикрларга борадилар. Бироқ, Расулуллоҳ (САВ) одамларнинг йўлидаги озор берувчи нарсаларни олиб ташлаш жаннатга киришга сабаб бўладиган амал, деб айтганлар. Агар барча мусулмонлар бу ҳадиси шарифдан бохабар бўлсалар ва ҳаммалари мазкур ҳадисга ихлос қилиб амал қилсалар, кўча-кўйларимизда, маҳалла-майдонларимизда ахлат, хас-чўп каби нарсалар ётармиди?

Бироқ, минг афсуслар бўлсинки, аслида бунинг тескарисини кўриб турибмиз. Мусулмон бўлмаган ўлкаларнинг кўчалари, майдонлари, хоналари, одамларнинг кийим-боши, машиналарини кўринг – улар худди ушбу ҳадиси шарифни билиб, тушуниб, унга амал қилаётганмикан, деган фикрга бориб қоласиз. Аксинча, бизнинг кўчаларимиз, ҳовли-жойларимизга қарасак, бу ҳадисни ҳеч ким эшитмаган, эшитса ҳам ихлос қилмаса керак, деган гумонга бориш мумкин.

Аксига олиб, одамлар юрадиган йўлларга ахлат ва чиқиндиларни чиқариб ташлаш, йўлнинг ўртасига бетон (машиналар секин юриши учун) қўйиш, баъзи кўчаларда шағал-тош ва тупроқлар тўкиб, ойлаб кўчадаги қатнаётган транспортларга халақит берилишини кузатамиз. Баъзи ёшларимиз никоҳ тўйлари кечасида махсус саҳнани ҳатто кундузиёқ ўрнатиб, кўчани худди ўзлариникидек тутиш ҳаракатида бўлишади. Шу тўсилган кўчадан тез тиббий ёрдам ёки ўт ўчириш машинасига муҳтож бўлинса, қандай муаммолар келишини ўйлаб кўринг.

Азизлар, маҳаллада 70-80 ёшга кириб, шу маҳаллага хизмати, эл-юртига фойдаси теккан, вафот этган мўминни охират сафарига кузатуви, яъни жаноза намозини кўчада ўқиш мумкин эмас, дейишади аввалги уламолар. Эътибор беринг, 3 дақиқада ўқиб, адо қилинадиган жанозани-ки кўчанинг ҳаққи поймол бўлмасин, деб риоясини қилган динимиз, бундай санаб ўтилган муаммоларга бефарқ эмас. Сизлар ҳам бефарқ бўлманг, муҳтарамлар!

М.МЎМИНОВ,

«Қамбарбойвачча» масжиди имом хатиби.