“ЙИЛ АЁЛИ”

12 декабрь куни 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабида «Йил аёли» кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди.

Мамлакатимизда хотин-қизлар фаоллиги, уларнинг жамиятдаги нуфузини янада юксалтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. «Йил аёли» танлови аёлларнинг касбий, ижодий ва интеллектуал, ҳуқуқий, иқтисодий билимларини янада юксалтириш ва рағбатлантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

-Турли соҳаларда меҳнат қилаётган аёлларимиз танловда ўзларининг маҳоратини, истеъдод ва фаоллигини намоён этди, -дейди туман ҳокимининг ўринбосари, туман хотин-қизлар қўмитаси раиси Нафисахон Мамасолиева. -Улар орасида таълим ва тадбиркорлик соҳалари ривожига муносиб ҳисса қўшаётган аёллар кўпчиликни ташкил этади.

Кўрик-танлов якунига кўра, 31-мактаб ўқитувчиси Саломат Юнусова «Йилнинг энг билимли аёли», «Матлуба фарзандлари Шокирбек ва Собирбек» фермер хўжалиги раҳбари Матлуба Тўрабоева «Йилнинг энг яхши мурувватли аёли», «Шаҳноз мастер класс» ўқув маркази раҳбари Адиба Ҳожимирзаева «Йилнинг энг яхши тадбиркор аёли», ижодкор Маликахон Бойхонова «Йилнинг энг яхши ижодкор аёли», Овчибулоқ маҳалласида истиқомат қилувчи уй бекаси Холида Мукаррамхўжаева «Миллий қадриятларни улуғлаган йил аёли», «Уйчи обод замини» фермер хўжалиги раҳбари Барно Мирзамова «Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли», 34-мактаб директори Марғуба Атаева «Ибратли оиланинг намунали бекаси», 24-мактаб ўқитувчиси Моҳигул Раҳимова «Йилнинг энг яхши маънавият тарғиботчиси», «Наммегатекстил» қўшма корхонаси ишчиси Саодат Расулова «Саноатдан саодат топган йил аёли» номинациялари бўйича ғолибликни қўлга киритдилар. Уларга туман ҳокимлиги, Ўзбекистон «Қизил Ярим Ой» жамияти туман ташкилотининг эсдалик совғалари топширилди.

Аброр САБАРАЛИЕВ.