КОРРУПЦИЯНИ ЙЎҚОТИШ ҚАЕРДАН БОШЛАНАДИ?
Коррупция деганда кўпчилик пора олиш ёки пора бериш билан боғлиқ жиноят тури бўлса керак, дея хулоса чиқаради.
-Мен умримда ҳеч кимга пора бермаганман, пора ҳам оладиган ишда ишламаганман. Оддий меҳнат билан ҳалол кун кечирганман. Шундай экан, коррупция нималигининг менга дахли йўқ, -дея фикр юритадиганлар кўпчиликни ташкил қилади.
Келинг, кундалик турмушимизда учраб турадиган баъзи бир кўнгилсиз вазиятлар хусусида сўз юритсак.
Шифокор қабулидасиз. Навбат кутиб турибсиз. Орага навбатсиз бир киши суқилди. Айтишларича, у докторнинг амакиси экан. Ундан кейин яқин дўстининг қариндоши, яна жияни навбатсиз кириб-чиқади. Ҳамма қатори сизнинг ҳам хунобингиз ошади. Эътироз билдиришга эса андиша қиласиз. Чунки дарддан фориғ бўлишга ўша шифокордан нажот кутяпсиз.
Турмуш ўртоғингиз маълум сабаб билан ишидан айрилди. Кам таъминланган оила сифатида моддий ёрдам учун маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат қилдингиз. Аризангизни янги йилдан бошлаб кўриб чиқишни айтишди. Бироқ эртасига сиздан моддий таъминоти яхшироқ қўшнингизнинг ҳужжати қабул қилинганини эшитиб қолдингиз. Шикоят қилишга эса қўшнининг «юзи иссиқ».
Хонадонингизга газ назоратчиси келиб, қарзингиз бўлмаса-да, ҳужжатларни титкилаб, нимадир камчилик топди. Дарҳол далолатнома бланкасини тўлдиришга тушди. Қўшнингизникига кира олмади, сабаби унинг дарвозасига қулф солинган ёки ичидан танбаланган. Газ ҳисоблагични олиб қўйиб, бемалол газ сўрғичдан фойдаланиши нафақат маҳаллага, назоратчигаям кундек равшан. Шикоят қилган бефойда. Текширув борлиги ҳақида кимдир огоҳ этади. Қўшнингиз ундан силлиққина ўтиб олади.
Юқорида ҳар биримизга бегона бўлмаган воқеаларни эслатдик. Буларнинг барида коррупция аталмиш балонинг жирканч кўринишлари намоён. У жамиятимизга шу қадар сингиб кетганки, баъзан бундай ҳолатларга эътибор бермай қўйганмиз.
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунни ҳаётга татбиқ қилиш орқали Ўзбекистон ривожланишнинг янги босқичига дадил одимлашга жазм этди. Галдаги вазифа ҳар биримиз унга ўз ҳиссамизни қўшишимизга боғлиқ. Унда ён-атрофимиздагиларнинг ҳаракатини таҳлил этишдан аввал ўзимизни тафтиш қилайлик. Иш фаолиятимиз, кундалик турмушимизда коррупциянинг қайси кўриниши намоён бўляпти? Уни йўқ қилиш йўли қаерда? Бу каби саволга барчамиз аниқ жавоб ва ечим топа билсаккина, олға силжиган бўламиз. Жамиятни таназзулга элтувчи коррупциянинг илдизига болта урамиз.
Анваржон РАҲМОНОВ,
Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси.

