МАҲАЛЛАДА НИМА ГАП?

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, уларнинг диний маърифат ва маънавий-ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилари, отинойилар, фаоллар иштирокидаги семинар йиғилиш ана шундай деб номланди. Унда асосий мавзу вилоят, туман ҳокимларининг тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумлар хотираларига бағишланган тадбирларни тартибга солиш тўғрисидаги қарорларига кўра белгиланган тавсиялар асосида тўй, маросимларни тартибли, камчиқим ўтказиш ҳақида сўз борди. Семинарда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича туман кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Абдуғаффор Режаббоев, фахрийлар ишлари бўйича ўринбосари Абдимуталли Нажмиддинов, диний, маърифий масалалар бўйича ўринбосари Ғанишер Жўраев, «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев, туман ФҲДЁ бўлими мудири Зумрат Қорабоева, туман бош имом хатиби Исроилхон Қирғизбоевлар сўзга чиқиб, никоҳ тўйларини бир кунда ўтказиш, маросимларни ихчамлаштириш, автомашиналар сонини оширмаслик, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳақида мулоҳазалар билдиришди.