УНУМДОРЛИК – ФАРОВОНЛИК КАФОЛАТИ
Бугунги қишлоқ хўжалигини янги инновацион технологиялар, хорижий инвестиция, илғор тажрибаларни оммалаштириш, бир сўз билан айтганда, илмий ёндашув орқалигина ривожлантириш, эртанги истиқболини белгилаш мумкин. Мен бунга Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқини тинглаб, яна бир карра амин бўлдим.
Дарҳақиқат, қишлоқ хўжалигининг тараққиёти мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашда муҳим ўрин эгаллар экан, соҳа ходимлари кўтараётган масъулият юки нақадар шарафли ва оғир эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Бу борада Президентимиз шундай таъкидлайдилар: «Фермер ва деҳқонларимиз қишлоқ хўжалигида асосий куч бўлиб, нафақат мазкур соҳани, балки бутун мамлакатимиз тараққиётини юксалтириш, халқимизнинг турмуш даражасини ошириш, юртимизни ҳар жиҳатдан обод ва фаровон қилишда беқиёс ишларни амалга ошираётганини бугун фахр ва ғурур билан, миннатдорлик билан қайд этамиз. Ўзбек деҳқонлари она заминимизга, муқаддас тупроғимизга энг садоқатли, элу юрт тақдири учун чинакам фидойи инсонлардир. Уларнинг бундай фазилатларидан барчамиз ўрнак олсак арзийди».
Мамлакатимиз раҳбарининг қишлоқ хўжалигига бўлган эътибор ва ғамхўрликларининг чексиз экани қонун билан Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни белгиланганлиги ва юртимизда ушбу сана илк бор тантана қилинганида ҳам ўз исботини топди. «Деҳқон бу – ҳаётнинг бақувват устуни, тирикликнинг мустаҳкам таянчи…» -дейди Юртбошимиз.
Шу билан бирга, маърузада соҳанинг бугунги кун талаби даражасига олиб чиқиш учун тўққизта бир-биридан долзарб ва муҳим масалаларга эътибор қаратилди. Пахтачилик ва ғаллачилик, мева-сабзавот етиштириш, чорва ва парранда, балиқчилик ва асаларичиликда оқсоқ нуқталаримиз таҳлил қилинди, камчиликларимиз рўй-рост очиб ташланди, бу борада мутлақо янги тизимни шакллантириш, бунда кишилар дунёқарашини ўзгартириш зарурлиги таъкидланди.
Президентимизнинг маърузаларидан келиб чиқадиган вазифалар, менинг назаримда, аҳолининг барча қатламига тааллуқли. Юртбошимизнинг нутқлари мени ҳам янги мақсадлар сари илҳомлантирди. Хусусан, томорқадан унумли фойдаланиш мақсадида маҳаллалар кесимида комплекс чора-тадбирлар белгилаб, ҳар бир хонадонга керакли кўмак ва тавсияларни бериш бўйича вазифалар устида иш олиб бормоқчиман. Бу ишда барча ҳамкасбларимни ҳамкорликка чорлайман.
Абдулаҳад АБДУРАҲМОНОВ,
туман Кенгаши депутати, ЎзЛиДеП туман кенгаши фаоли.

