ҚАЛБЛАРГА ҚУВОНЧ УЛАШИБ…

Болани янги экилган ниҳолга қиёслашади. Бу бежиз эмас, албатта. Ниҳолни қандай парвариш қилсангиз, шундай мева берганидек, бола тарбиясида ота-оналарнинг масъулияти каттадир.

Туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши ҳамкорлигида ички ишлар идораларидан махсус рўйхатдан чиқарилган шахслар, уларнинг оила аъзоларининг турмуш шароитини яқиндан ўрганиш, мавжуд ижтимоий муаммоларини бартараф этиш, амалий ёрдам беришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яқинда ана шундай оила фарзандларидан 9 нафарининг вилоятимизнинг тарихий ва диққатга сазовор жойларига саёҳати уюштирилди.

Саёҳат давомида болалар Алишер Навоий номидаги вилоят мусиқали драма ва комедия театрида театр томоша қилдилар. Вилоятимизнинг ноёб меъморий обидалари, истиқлол йилларида шаҳарда барпо этилган маданий-маърифий иншоотлар, сайилгоҳ ва боғлар уларда катта таассурот қолдирди. Бу каби саёҳатлар ёш авлодни халқимизнинг бетакрор маданий меросига ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга.