АВТОМАТЛАШТИРИЛГАН ТИЗИМ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Электр ва газ таъминоти соҳасидаги тизимли муаммоларни самарали ҳал этмасдан туриб иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, ишлаб чиқариш ва хизматлар соҳасини кенгайтириш, ишчанлик фаоллиги ва мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, шунингдек, аҳолининг ҳаёт даражаси ва фаровонлигини юксалтириш мумкин эмас.

Кўп йиллар давомида энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини (ЭНҲАТ) жорий этиш бўйича бир неча бор чоралар кўрилган бўлса-да, мазкур йўналишдаги ҳеч бир лойиҳа якунига етказилмаган, бу, ўз навбатида, энергия ресурслари истеъмолининг ҳаққоний ҳисоби ва назоратини ташкил этишга, шунингдек, талон-торож ҳолатлари ва бошқа ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга жуда салбий таъсир қилган.

Масалан, энергия ресурслари абонентлари умумий сонининг атиги 2,6 фоизи ЭНҲАТда ишлайдиган электр энергиясини ҳисоблаш ускуналари билан жиҳозланган, 40 фоизи ташқи таъсирдан ҳимояланмаган эскирган ҳисоблаш ускуналаридан фойдаланади, 48 фоизи ЭНҲАТга мос келмайдиган турли модификациядаги ҳисоблаш ускуналарига эга, шунингдек, 9,4 фоизида энергия ресурсларини ҳисоблаш ускуналари мавжуд эмас.

Мавжуд камчиликларни бартараф қилиш ҳамда энергия ресурслари истеъмоли соҳасида бошқарув, назорат ва ҳисобот тизимини, шунингдек, тўлов интизомини тубдан яхшилаш мақсадида жорий йилда мазкур соҳани ташкилий-ҳуқуқий такомиллаштириш бўйича Президентимизнинг қатор қарорлари қабул қилинди.

Хусусан, Мажбурий ижро бюроси ташкил этилиб, юзага келган вазиятни жадал суръатларда яхшилаш бўйича комплекс чоралар кўрилганлиги, шу жумладан, 2,6 миллиондан ортиқ турар ва нотурар объектлар инвентаризация қилинганлиги, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ кўплаб ҳуқуқбузарликлар аниқланганлигини таъкидлаш лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши билан ЭНҲАТни янада жорий этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича ишчи комиссия тузилди. Комиссия томонидан қатор етакчи хорижий компаниялар билан республикада ЭНҲАТни жорий этиш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказилди. Музокаралар жараёнида эришилган келишувларни амалий рўёбга чиқариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Электр энергияси ва табиий газ назорати ва ҳисо-бининг автоматлаштирилган тизимини жадал жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, дастлабки босқичда 2 миллион дона электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш ускуналари, шунингдек, дастурий таъминот, қўшимча асбоб-ускуна, бошқа зарур техника воситалари харид қилинади.

Шунингдек, лойиҳа доирасида ўрнатиладиган ҳисобга олиш ускуналарининг давлат кўриги «Ўзстандарт» агентлиги томонидан ҳар 10 йилда амалга оширилади, ҳисобга олиш ускуналарини давлат кўригига топшириш бўйича ишларни ташкил этиш эса «Ўзбекэнерго», «Ўзтрансгаз» АЖлари ва Бюро томонидан таъминланади. Бунда истеъмолчидан давлат кўригидан, хизмат кўрсатиш ва бошқа ишларни ўтказиш учун ечиб олинган ҳисобга олиш ускунасининг ўрнига зудлик билан «Ўзбекэнерго» ва «Ўзтрансгаз» АЖлари маблағлари ҳисобидан бошқа кўрикдан ўтган ҳисобга олиш ускунаси ўрнатилади.

Қарорда назарда тутилган чора-тадбирларни амалга оширишнинг самарадорлиги энергия ресурслари истеъмолини назорат қилиш ва ҳисобга олиш тизимини модернизация қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатларининг ўз вақтида олдини олишни ва умуман тармоқни жадал ривожлантиришни таъминлайди.

Бунёдбек ЎРИНБОЕВ,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси катта инспектори.