ИНСОН ҚАДРИ – БОШ ОМИЛ

Юртимизда инсон қадр-қиммати нечоғли улуғ экани Ўзбе-кистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида»ги Фармонида яна бир карра ўз исботини топди.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотларнинг асоси Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган инсонпарварлик, инсон ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа ҳуқуқларининг олий қадрият сифатида тан олиниши каби умуминсоний принципларни амалга оширишдан иборатдир.

Шу пайтгача ҳар йили амнистия тўғрисида ҳужжатлар қабул қилинган. Эндиликда амнистия актидан фарқли равишда, афв этиш масаласини ҳал қилишдан олдин ҳар бир маҳкумнинг шахси, улар томонидан содир этилган қилмишнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, содир этилиш ҳолатлари ва оқибатлари, етказилган зарарнинг қопланганлиги, шунингдек, жабрланган томон ва жамоатчилик муносабати ҳар томонлама ва пухта ўрганиб чиқилади.

Шу мақсадда 2017 йил 29 сентябрда давлатимиз раҳбари томонидан «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган маҳкумларни афв этиш ҳақидаги материалларни тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойиш қабул қилинди. Мазкур фармойишга мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, судлар, жамоат ташкилотлари вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги афв этиш масалалари бўйича комиссия билан якка тартибда суҳбатлар ўтказиш орқали уларнинг шахсини ўрганиб чиқди.

Ушбу амалий ишлар натижасида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан мамлакатимиз тарихида илк маротаба 2 минг 700 нафар маҳкумни, шу жумладан, жазони ижро этиш колонияларидан 956 нафар шахсни афв этиш тўғрисида Фармон қабул қилинди.

Ушбу Фармон билан афв этиладиган маҳкумларга ўз оиласига ва жамиятга қайтиб, мамлакатимиздаги ислоҳотларнинг фаол иштирокчисига айланиш имконияти яратилди.

Жобирхон АЗИМОВ,

Уйчи тумани прокурори, Олий ўқув курслари тингловчиси.