КОРРУПЦИЯНИ ЙЎҚОТИШ ЖАМИЯТГА ЗАРУР

Ҳозирги кунда долзарб масалалардан бири коррупцияга қарши муросасиз кураш бўлиб, бу борада бир қатор ишлар қилинмоқда.

Аслида, яқин тарихга назар ташласак, Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.А.Каримов ҳам ўзининг асарларида коррупцияга қарши кураш масалаларида ўз фикр-мулоҳазаларини баён этганлар.

Масалан, «Ўзбекистон XXI аср бўсағасида: хавфсизликка таҳдид, барқарорлик шартлари ва тараққиёт кафолатлари» номли асарни олсак, унда коррупцияга қарши кураш бўйича бир қатор фикрлар келтирилган.

Ҳар бир давлат тарихида янги ижтимоий сифат ҳолатига ўтиш, афсуски, коррупция ва жиноятчилик каби жирканч ҳодиса билан бирга юз берган. Шу билан бирга, жиноятчиликнинг ўсиши нафақат ислоҳотлар йўлига жиддий тўсиқ, балки ўтиш даврида белгиланган мақсадларга эришишга ҳам қарши бевосита таҳдид туғдиради.

Марказий Осиёнинг бошқа давлатлари сингари Ўзбекистон Республикаси ҳам бундан ҳоли эмас. Коррупцияга ва жиноятчиликка қарши кураш муаммоларига биздаги қизиқиш асло бежиз эмас. Албатта, бу борада кенг тарқалган ва умумэътироф этилган бир фикрни, яъни тоталитаризмдан демократия ва бозор муносабатларига ўтишдек мураккаб давр моҳиятан асосий сиёсий, иқтисодий ва маданий тузилмаларни синдириб ташлашни англатади, бу эса ахлоқ-одоб меъёрларига салбий таъсир этади ва жиноятчилик ҳамда коррупция муқаррар равишда кучаяди, деган хулосани эслатиб ўтиш мумкин. Лекин бу қандай таҳдид солишини чуқур тушуниш учун, афтидан, биргина шу таърифнинг ўзи камлик қилади.

Ҳар бир мамлакат бу жараённинг шакллари ва суръатларини мустақил белгиламоқда. Уни жиноятчилар дунёсининг ҳалокатли таъсиридан ҳимоя қилишга интилмоқда. Бу ўринда гап ўғрилик, талон-торож, одам ўлдириш ва шахсга  нисбатан зўравонлик қилиш каби жиноятлар устидагина бораётгани йўқ. Ўтиш даврида янги иқтисодий механизмлар шакллантирилаётган бир пайтда аҳолининг асосий кўпчилиги бозор шароитида яшашни эндигина ўрганаётганлигидан ва унинг объектив қонунларини пайқай бошлаганлигидан фойдаланиб, амалга оширилаётган иқтисодий жиноятлар тоифаси катта хавф туғдиради.

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки, коррупция бизнинг ўз хавфсизлигимизга ҳам, халқаро хавфсизликка ҳам таҳдид солувчи реал манба ва унга қарши курашиш ҳар бир фуқарога, ёки давлатга тегишлидир.

Осимжон СОДИҚОВ,

Учқўрғон туманлараро иқтисодий судининг раиси.