МАСКАНДА КУНДА БАЙРАМ
-Ойи, нонушта қилмайман. Тезроқ боғчамга борайлик.
-Шошма, болам, ҳали тонг отганиям йўқ. Ҳеч бўлмаса, боғча опаларинг келиб улгурсин.
-Улар аллақачон келиб бўлишган. Қорбобоям ўша ерда.
-Бизнинг пайтимизда болалар боғчага бормайман, деб хархаша қилишарди. Сизларга нима бўлган, ҳайронман.
…27-МТМда бугун тарбияланаётган болажонларнинг хонадонларида кунда шунга ўхшаш манзара. Чунки эрта тонгда маскан дарвозасида болаларни Қорбобо ёнида тулки, бўри, айиқ каби эртак қаҳрамонлари билан кутиб олади. Энг қизиғи, биринчи бўлиб дарвозадан кирган тарбияланувчига янги йил совғаси топширилади. Бундан ташқари, янги шеър айтган, рақсга тушиб берган жажжилар ҳам рағбатлантирилади.
Ушбу анъана боис болалар байрамона кайфиятда масканга келишмоқда. Рақобат шу қадар кучлики, бир бола ҳали икки бор махсус совға эгасига айланмади.
-Мактабгача ёшдаги болаларни бир хиллик тез зериктиради, -дейди муассаса мудираси Маҳмудахон Қаҳҳорова. -Шу боис мана шу ноанъанавий тадбирни жорий қилдик. Бу орқали болалар эрта туриш, янги шеърлар ёд олишга интилишяпти.
Шу куни Қорбобонинг махсус совғасини 2-кичик гуруҳ тарбияланувчиси Гулзода Мўйдинбоева қўлга киритди. Гулзода барча «совриндор» болалар қатори совғани дўстларига улашиш учун ўз гуруҳ хонасига ошиққанини кўриб, барчамиз қувондик. Ёш қалбларда дўстлик, меҳмоннавозлик анъаналарининг илк кўринишлари шаклланаётганидан севиндик.
Муассасадаги шодиёна қишлоққа тез ёйилди, овоза бўлди. Эндиликда болажонлар юзидаги байрамона шодликдан руҳланган ота-оналар орасида тадбирга ҳомийлик қилиш истагида бўлганлар сафи кенгайиб бормоқда.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

