МУАССАСАНИНГ ЯНГИ БИНОСИ

Ғайратдаги 8-мактабгача таълим муассасаси кичкинтойлари учун Янги йил байрами бўсағасида кўркам, чиройли, барча шарт-шароит ва қулайликларга эга бўлган янги бино совға қилинди.

1 млрд. 498 миллион 244 минг сўм маблағ эвазига бунёд этилган 120 ўринли ушбу муассаса биносини «Стандарт» МЧЖ қурувчилари қисқа фурсатларда қуриб битказдилар.

-Ушбу муассасага келиб, ҳайратда қолдим, -дейди меҳнат фахрийси, муассасанинг собиқ мудираси Маликахон Тўхтамирзаева. -Мен ишлаган даврда мослаштирилган, кўримсизгина хоналарда фаолият кўрсатиларди. Ҳозир тамоман бошқача. Биноси тўлиқ қайта қурилибди. Нимаики шароит керак бўлса, ҳаммаси бор. Келажагимиз эгалари – болаларимизга, набираларимизга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик учун Юртбошимизга чексиз миннатдорчилик билдирамиз.

Муассаса янги биносининг топширилиш маросими катта шодиёнага айланди. Унда қатнашган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров, туман ҳокими Абдуғани Турдиевлар эзгу тилаклар билдиришди, бир гуруҳ қурувчиларга, муассаса фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.