НАМУНАВИЙ ХОНАДОНЛАР ТОПШИРИЛДИ
Мамлакатимиз раҳбарининг 2016 йил 21 октябрдаги «2017-2021 йилларда қишлоқ жойларда янгиланган намунавий лойиҳалар бўйича арзон уй-жойлар қуриш дастури тўғрисида»ги қарори катта тарихий аҳамиятга эга. Ушбу қарор қишлоқ аҳолисининг замонавий ва арзон уйларга бўлган эҳтиёжини қондириши билан аҳамиятлидир.
Мазкур қарор ижросини изчил таъминлаш борасида туманимизда ҳам муайян ишлар амалга оширилмоқда. Қарорга кўра, Беруний маҳалласида 4 та кўп қаватли, намунавий 72 та хонадон қурилиши жадал бормоқда. Ушбу объектларда 4 млрд. 748 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши кўзда тутилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, 2-3 хонали, баҳоси 80-90 миллион сўмдан бўлган ушбу хонадонлар имтиёзли кредит асосида 15 йил муддатга берилади.
Уч қаватли, 18 та хонадонни ўзида мужассам этган бинонинг фойдаланишга топширилиши эҳтиёжманд оилалар учун Янги йил арафасида муносиб байрам совғаси бўлди. Мазкур объект тез ва сифатли қурилишида 10-ХМКК МЧЖ қўли гул қурувчиларининг ҳиссаси катта. Улар 1 млрд. 187 миллион сўм маблағ эвазига мазкур бинони қуриб, битказдилар.
Намунавий хонадонларнинг топширилишига бағишланган маросимни туман ҳокими Абдуғани Турдиев очди. Вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Хайрулло Бозоров уй эгаларини самимий табриклаб, хонадон калитларини тантанали тарзда топширди.
Меҳнат фахрийси Турсунпўлат Мирзамаҳмудов, янги хонадон соҳибига айланган иккинчи гуруҳ ногиронлари Абдулло Насриддинов, Муножат Аҳмедовалар кўрсатилган эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдирдилар.
Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази хонандаларининг дилтортар куй-қўшиқлари рақсларга уланди. Безатилган арча атрофида севимли эртак қаҳрамонлари билан болалар дилдан яйраб, қувнадилар.

