ЭНГ ЯҚИН ДЎСТ

2017-2021 йилларда Республикамизни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳа ва тармоқларда улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ёшларда болаликдан бошлаб китоб ўқиш кўникмасини шакллантириш, уларнинг мутолаа маданиятини юксалтириш каби вазифалар олиб борилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Зеро, китоб – энг яқин дўст. У хоҳ дарслик, хоҳ бадиий асар кўринишида бўлсин, бизни илм олишга, ҳаётда яхши инсон бўлишга ўргатади.

Шу маънода Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши ҳамда 2017 йил 13 сентябрдаги «Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тўғрисида»ги қарори бу борадаги ишларни изчил ташкил этишга кенг имкон яратмоқда.

Ҳаётий ҳақиқат шуки, жоҳилликнинг биринчи белгиси гўзалликни кўрмасликдир. Атрофимизда шунча янгиликлар, янгиланишлар, ислоҳотлар содир бўлмоқда, одамларнинг тафаккур тарзи ўзгармоқда. Қорнимиз тўқ, рўзғоримиз бут. Шундай бўлгач, энди тарбияни ҳам бутлашимиз зарур. Жамиятимизда қанчалик китобхон оилалар кўпайиб борса, устозлар ўқувчиларни мутолаага ундайверса, шунчалик масалага тезроқ ва осонроқ ечим топамиз.

Умрида китоб очиб кўрмаган отанинг ўғлига «китоб ўқи» дейиши доимо маст ҳолда юрувчи отанинг ўғлига «ичмагин» деган танбеҳига ўхшаб кетадики, катталар, аввало, бу борада ёшларга шахсий ўрнак кўрсатишга одатлансалар, мақсадга мувофиқ бўларди.

Яна бир гап. Айрим таълим муассасаларидаги кутубхоналарда ҳали очилмаган бадиий асарлар турган бир пайтда «Фондимиздаги китоблар фалон минг нусхани ташкил этади», дея мақтанишдан не наф? Демак, ёшларни китобга, китобхонликка қайтариш, уларнинг мутолаага бўлган қизиқишларини ошириш борасида барча доирадаги раҳбарлар, кутубхона ходимлари, педагоглар, зиёлилар, ота-оналар, кенг жамоатчилик бирдай масъул. Буни унутмайлик!

Расулбек УММАТОВ,

лойиҳа координатори.