ЁШ ҲУНАРМАНДЛАР КЎРГАЗМАСИ

Уйчи саноат, транспорт ва алоқа касб-ҳунар коллежида 10 ёшдан 20 ёшгача бўлган 150 нафарга яқин ёш тадбиркор, ҳунарманд томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўргазмаси ташкил этилди. Ушбу тадбир туман ҳокимлиги, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи туман кенгаши, туман халқ таълими бўлими, касб-ҳунар коллежлари ҳамда бошқа бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда ўтказилди.

Кўргазманинг очилишида туман ҳокимининг ўринбосари Аҳмаджон Раҳматов сўзга чиқиб, илғор ташаббус ва лойиҳаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб, ёшларни ишбилармонликка ўргатиш, улар илгари сурган бизнес ғояларни ҳаётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш ҳақида гапирди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида ёшлар учун «Қувноқлар ва зукколар» мусобақаси ташкил этилди.

Якунда каштачилик, тўқимачилик, зардўзлик, миллий тўнчи-лик, пичоқчилик, темирчилик, кулолчилик, чинни ва сопол буюмларга безак бериш, ёдгорлик буюмлари, ёғоч ўймакорлиги ва ёғочдан тайёрланган буюмлар йўналишлари бўйича 15 га яқин ғолиб аниқланди ва уларга диплом, эсдалик совғалари топши-рилди. Ғолиблар энди вилоят кўргазмасида иштирок этадилар.

Аброр САБАРАЛИЕВ.