ҒАРАЗЛИ КУЧЛАР НИҚОБИ

Маълумки, минглаб йиллар давомида ҳар қандай инсоннинг онгига энг тез ва кучли таъсир кўрсатиш омили бу диний эътиқоддир. Ана шунинг учун ҳам ғаразли кучлар динни ўзларига ниқоб қилиб олганлар.

Маълумотларга кўра, дунёда 500 га яқин террорчилик ташкилоти бўлиб, уларнинг 80 фоизи ислом дини ниқоби остида фаолият юритади. Аслида исломда  бировни ўлдириш у ёқда турсин, унга озгина озор бериш ҳам қаттиқ қораланади. Бировларга тили, қўли билан зарар бермаган киши ҳақиқий мусулмон саналиши ҳеч кимга янгилик эмас. Диний экстремистлар, террорчилар ислом ҳимоячилари эмас, балки бузғунчиликни суйгувчилар, ўз мақсадлари олдида ҳеч нарсадан қайтмайдиган қутурган бир гуруҳ жиноятчилар тўдасидир.

Қаранг-а, ер юзида йилига 10 мингтадан ортиқ террорчилик ҳаракатлари содир этилади, 70 мингдан зиёд инсон бунинг оқибатида ҳаётдан кўз  юммоқда. Энг ачинарлиси, булардан 80 фоизини вояга етмаганлар ташкил этади.

Террорчилар ўзларининг жирканч мақсадларини амалга ошириш йўлида интернет имкониятларидан ҳам кенг фойдаланишмоқда. Интернет тармоғида тахминан 40 мингдан ортиқ диний экстремистик мазмунга эга бўлган сайтлар мавжуд. «YouTube» ва ижтимоий тармоқ тизимларига ҳам, жумладан, «Twitter», «Facebook», «Одноклассники»ларга ғараз кучлар аудио, видео файлларни жойлаштириб, мулоқотга киришиб, мунтазам ундан фойдаланувчиларнинг онгини заҳарлаб борадилар. Ҳозирги кунда ёшлар орасида  оммалашган «What’s app», «Telegram» дастурлари орқали ҳам турли кераксиз варақалар тарқатиш тарғиб қилинмоқда.

Аянчлиси, баъзилар маълумотларни сараламасдан, дуч келган ахборотларни тўғри, деб қабул қилишмоқда ва ўз-ўзидан унга эргашишмоқда. Аслида эса инсон ўзида яхши маълумотларни олиш ва эшитиш, зарарсиз ахборотларни қабул қилиш кўникмасини шакллантириши лозим.

Биз, ёшлар, интернет майдонида ва атрофимизда  мавжуд бўлган турли диний экстремистик, террористик ташкилотлар таъсирига тушмаслигимиз учун ўзимизда замонавий дунёқарашни шакллантиришимиз, ватанпарварлик руҳини қалбимизга жойлашимиз, ҳуқуқий онгимиз ва маданиятимизни юксалтиришимиз лозим. Бунинг учун эса мамлакатимизда етарлича имконият ва шарт-шароитлар мавжуд.

Фарҳод ТУРСУНОВ,

6-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари.