ҲУНАРМАНДЛАРГА ҚУЛАЙЛИК

2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандлар ўз маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этиладилар. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида белгилаб қўйилди.

Ҳужжатга мувофиқ, «Ҳунарманд» уюшмаси Ўзбекистон савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида аъзолик бадали тўловисиз киритилади. 2017 йилнинг 1 декабридан бошлаб ҳунармандчилик субъектлари – «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқдан озод этилиши белгилаб қўйилди.

Ёшга доир пенсия ва нафақа олувчи ҳунармандлар Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилади. Қ

ишлоқ жойларда рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлайди.

Бундан ташқари, «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо ҳунармандларга касб-ҳунар коллежларининг махсус устахоналарида ҳунармандчилик бўйича таълим беришда якка тартибдаги тадбиркорлар каби шартнома тузиш ва кўрсатилган хизмат учун солиқ тўламаслик ҳуқуқи берилади.

Ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, шу жумладан, банк ҳисоб рақамидаги чет эл валютасини нақд шаклда олиш ҳуқуқи берилади.

Хорижий мамлакатларда ўтказилган кўргазма, танлов, ярмарка давомида сотилган ҳунармандчилик маҳсулотлари экспорт шартномалари тузилмасдан амалга оширилиши мумкин, бунинг натижасида олинган даромад эса экспорт тушуми ҳисобланмайди.

Тижорат банклари томонидан ҳунармандларга миллий валютада имтиёзли микрокредитлар ажратилади. Бунда имтиёзли микрокредитлар олти ой имтиёзли даврни ўз ичига олган ҳолда, икки йил муддатга, энг кам ойлик иш ҳақининг 300 баробаридан ошмаган ҳолда берилади. Имтиёзли микрокредитлар «Ҳунарманд» уюшмасига аъзо бўлган ва Фармоннинг 1-иловасига мувофиқ ҳунармандчилик фаолиятини амалга оширувчиларга берилади.

Фармонда белгиланганидек, доимий савдо жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, шунингдек, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилади. Ҳунармандлар учун давлат мулки объектлари учун ижара тўлови белгиланган энг кам тўловнинг 50 фоизи миқдорида белгиланади.

Алимардон ПЎЛАТОВ,

туман ДСИнинг давлат солиқ бош инспектори.