МАҲОРАТ ДАРСЛАРИ
Халқ таълими тизимида фаолият кўрсатиб бораётган Ўзбекистон Республикаси давлат мукофотлари совриндорлари, «Йилнинг энг яхши фан ўқитувчилари» кўрик-танловининг туман, вилоят, республика босқичлари ғолиблари, олий тоифали ўқитувчилар салоҳиятидан фойдаланиб, замонавий билим бериш усуллари юзасидан тажриба алмашиш, умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг фан назарияси ва методикасига оид билимларини мустаҳкамлаш, амалиётда қўллаш кўникмаларини ривожлантириш, ўқувчиларни мустақил фикрлашга ўргатишга оид янги усуллар билан таништириш, фанлар бўйича яратилган методик қўлланмалар, ахборот ресурсларидан ўқув жараёнида самарали фойдаланишларига ёрдам бериш, шунингдек, доимий тарзда ўқитувчиларнинг касбий маҳоратини узлуксиз равишда ошириб бориш мақсадида умумтаълим мактабларида «Маҳорат дарслари» ўтказилди.
2-мактабда ташкил этилган «Маҳорат дарслари»да ўттиздан ортиқ очиқ дарслар бўлди. Айниқса, ўқиш, математика, адабиёт, биология, инглиз тили, технология фанларидан очиқ дарсларни фан ўқитувчилари Зуҳра Келдиева, Гулчеҳра Содиқова, Муҳайё Солибоева, Наргиза Тўйчиева, Наима Собирова, Эътибор Турсуновалар намунали тарзда ўтиб бердилар. Уларда интерфаол, суд дарси, заковат, зинама зина, бумеранг усулларидан кенг фойдаланилди. «Шуҳрат» медали соҳиби, мактаб директори Насибахон Собированинг 2-синфда табиат фанидан «Ер сайёраси», «Халқ таълими аълочиси» Машҳура Убайдуллаеванинг 6-синфда адабиёт фанидан «Эркин Воҳидовнинг «Ўзбегим» қасидаси», олий тоифали ўқитувчи Орифжон Йўлдошевнинг рус тили фанидан «А.П.Чеховнинг «Болалар» ҳикояси» мавзусидаги дарс машғулотлари ҳамкасблар томонидан юқори баҳоланди.
Наргиза РАҲМАТОВА,
мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси.
ххх
Бугунги кун ўқитувчиси ҳар томонлама интилувчан, изланувчан бўлиши керак. Янги педагогик технологияларни самарали услубларда қўллай билиш ўқитувчидан маҳорат, чуқур билимни талаб этади. 25-мактабнинг география фани ўқитувчиси Моҳида Примқулова ана шундай фидойи устозлардан. Унинг 8-синфда «Чорвачилик» мавзусидаги «Маҳорат дарси» кўпчилик томонидан эътироф этилди, 10-синфда «Ернинг ички тузилиши ва тектоник жараёнлар» мавзусидаги дарси туман миқёсида кенг оммалаштирилган. Иқтидорли муаллима доимо изланишда.

