ТАЪЛИМ САМАРАДОРЛИГИ ОРТМОҚДА
Йигирма йилдан буён таълим соҳасида фаолият кўрсатаман. 2017 йил туманимиз халқ таълими соҳаси учун қувончли келди. Вилоятда барча туманлар ўртасида таълим самарадорлиги бўйича туманимиз фахрли учинчи ўринни қўлга киритди. Фан олимпиадаси, билимлар беллашувида ўқувчиларимиз энг олдинги ўринларда. Бу ютуқларда, айниқса, 5, 6, 11, 26-мактаблар жамоаларининг ҳиссаси катта. Мазкур масканларнинг туманимиз мактаблари ўртасида ҳам рейтинг кўрсаткичи бирмунча баланд.
Бугунги кунда туманимиздаги мавжуд 44 та мактабда 31830 нафар ўқувчига 2186 нафар педагог таълим-тарбия бермоқда. Янги инновацияларни таълим жараёнига кенг татбиқ этиш, илғор тажрибаларни оммалаштириш доимий эътиборимизда бўляпти. Жорий ўқув йилидан 7,11,26,33-мактаблар замонавий таълим муассасасига айлантирилди. Уларнинг моддий техник базаси мустаҳкамланди. 18 та мактабда методист мактаблар ташкил этилди.
Ўтган йил менинг ҳаётимда ҳам ўчмас из қолдирди. «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирландим. Бу менга куч-ғайрат, шижоат бағишлади.
Шуҳратжон МУРОДОВ,
туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари.

