ТЕКИН ФОЙДАЛАНИШ ШАРТНОМАСИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Бугунги кунда бирон бир ашёни текинга фойдаланиш шартномаси фуқароларимиз орасида кенг тарқалган шартномалар турларидан бири бўлиб ҳисобланади. Мазкур турдаги муносабатлар қонунчилигимизда бир қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган.

Жумладан, Фуқаролик кодексининг 36-боби “Текин фойдаланиш” деб номланиб, Кодекснинг 617-моддасида текин фойдаланиш шартномаси тушунчаси берилган. Унга кўра, текин фойдаланиш (ссуда) шартномаси бўйича бир тараф (ссуда берувчи) иккинчи тараф (ссуда олувчи) ашёни вақтинча текин фойдаланиш учун бериш мажбуриятини олади ёки беради, иккинчи тараф эса бу ашёни қандай олган бўлса, нормал ейилишни ҳисобга олиб, худди шундай ҳолатда ёки шартномада назарда тутилган ҳолатда қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Қонунга кўра, ашёни текин фойдаланишга бериш ҳуқуқига унинг мулкдори ва қонун ёки мулкдор томонидан ваколат берилган бошқа шахслар эга бўлади. Тижорат ташкилоти ўз муассиси, иштирокчиси (акциядори), раҳбари, ўз бошқарув ёки назорат органларининг аъзоси бўлган шахсга ашёни текин фойдаланишга беришга ҳақли эмас. Ашёни текин фойдаланиш учун беришда ссуда берувчи ашёни ундан текин ҳамда вазифасига мувофиқ фойдаланиш шартларига жавоб берадиган ҳолатда топшириши шарт.

Ашёнинг текин фойдаланишга топ-ширилиши бу ашёга учинчи шахсларнинг ҳуқуқларини ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлмайди.

Текин фойдаланиш шартномасини тузишда ссуда берувчи бу ашёга учинчи шахсларнинг барча ҳуқуқлари тўғрисида ссуда олувчини огоҳлантириши шарт. Бу мажбуриятни бажармаслик ссуда олувчига шартномани бекор қилиш ва ҳақиқий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқини беради. Ссуда олувчининг талабларидан ёки унинг ашёдаги камчиликларни ссуда берувчининг ҳисобидан бартараф этиш ниятидан хабардор қилинган ссуда берувчи бузуқ ашёни кечиктирмасдан тегишли ҳолатдаги худди шундай ашё билан алмаштириши мумкин. Ашёнинг текин фойдаланиш шартномасини тузиш вақтида кўрсатиб ўтилган ёки ссуда олувчига олдиндан маълум бўлган ёхуд у ашёни кўздан кечириш ёки шартнома тузиш ёхуд ашёни топшириш вақтида унинг созлигини текшириш чоғида аниқлаши лозим бўлган камчиликлари учун ссуда берувчи жавобгар бўлмайди.

Бозор иқтисодиёти муносабатлари ривожланиши билан қонунчилигимизда янги кўчмас мулк, хусусан, уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномавий муносабати пайдо бўлди. Уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси ёзма шаклда тузилади, бундан уй-жойни яқин қариндошларга (ота-она, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллар, эр-хотин, фарзанд, шу жумладан, фарзандликка олинганлар, бобо, буви, неваралар, шунингдек, эр-хотиннинг ота-онаси, туғишган ва ўгай ака-ука ва опа-сингиллари) текин фойдаланишга бериш ҳоллари мустасно. Фуқаролар ўртасида уй-жойни текин фойдаланишга бериш шартномаси нотариал тартибда тасдиқланиши шарт.

Хусусан, кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномасини тасдиқлашда қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилиши лозим:

-кўчмас мулк объектининг кадастр йиғма жилди. Бунда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат, бинолар, иншоотлар ва кўп йиллик дарахтларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳнома ҳамда кўчмас мулкнинг умумий майдони ҳақидаги маълумотлар кўрсатилган тегишли ҳужжатлардан нусха олиниб, кадастр йиғма жилдининг асли қайтариб берилади;

-текин фойдаланишга берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий рўйхатга олинган шахслар ҳақида фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органи ёки хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати томонидан берилган маълумотнома ёки уй дафтаридан кўчирма;

-мулкдорнинг ижарага берилаётган уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисмида доимий прописка қилинган вояга етган оила аъзоларининг (эри (хотини) ва уларнинг фарзандлари) розилиги.

Юридик шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк (уй, квартира, уйнинг ёки квартиранинг бир қисми ва бошқалар)ни текин фойдаланишга бериш шартномаларини нотариал тасдиқлашда қўшимча равишда қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:

-юридик шахснинг таъсис ҳужжатлари;

-юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома;

-вакилга берилган ишончнома;

-юридик шахс ваколатли органларининг кўчмас мулкни ижарага бериш (олиш) ҳақидаги ҳужжат (қарор, умумий мажлис баённомаси, кузатув кенгашининг қарори, буйруқ ва ҳоказо).

Нигора МАДАМИНОВА,

Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сонли давлат нотариал идорасининг катта нотариуси.