ЯНГИ ОРЗУ ВА ИСТАКЛАР БИЛАН
2017 йил ҳаётимда унутилмас йил бўлиб қолди. Энг қувончлиси, кўплаб ҳамюртларим қатори «Ўзбекистон Конституциясига 25 йил» эсдалик нишони билан тақдирландим. Яна бири – Ўзбекистон Республикаси пахтачилик селекцияси ва агротехнологиялари илмий тадқиқот институтига ўсимликшунослик йўналиши бўйича докторантурага ўқишга кирдим. Фарзандим Исломжон Ёқубжонов Наманган шаҳридаги 2-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 10-синфида ўқийди. Фан олимпиадасининг вилоят босқичида иқтисод йўналиши бўйича иккинчи ўринни қўлга киритгани барчамизни беҳад мамнун этди.
Мен раҳбарлик қилаётган «Улуғбек» фермер хўжалиги пахта ва ғалла бўйича шартномавий режаларни ортиғи билан бажаришга муваффақ бўлди. Жамоамиз аъзоларининг манфаатдорлиги ҳам ортди.
Бугунги кундаги фаолиятим юзасидан тўхталадиган бўлсам, нафақат туманимиздаги фермер ва деҳқон хўжаликлари билан, балки эндиликда барча томорқа ер эгалари билан мунтазам иш олиб бориш, ҳар бир қарич ердан самарали ва унумли фойдаланилишига эришишдир. Туманимизда 36 мингдан ортиқ оила бўлиб, 2615 гектар суғориладиган экин ери мавжуд. Аҳолининг шахсий дала томорқа ерларидан самарали фойдаланилишини ташкил қилиш, бунга кўмаклашиш, зарур ҳолларда агротехника қоидалари бўйича маслаҳатлар бериш асосий вазифаларимиздандир. Тез кунларда кенгашимиз қошида деҳқончилик йўналишида маслаҳат маркази ҳам фаолиятини бошлайди.
Янги йилга янги орзу ва истаклар билан қадам қўйдик. Бу йил ҳам туманимиз учун омадли ва барча соҳаларда зафарли йил бўлишини тилайман.
Аҳмаджон УЛУҒБОЕВ,
туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси.

