ҚУВОНЧ ВА ШОДЛИК УЛАШИБ…

Туман марказидаги «Пахтакор» ўйингоҳи томон ошиқаётган болажонларнинг чеҳрасида табассум. Сабаби, «Президент арчаси» байрам тадбирини улар ҳар йилгидек бу йил ҳам орзиқиб кутишган.  Қорбобо ва Қорқизнинг ташрифи, севимли эртак қаҳрамонларининг саргузаштлари билан уйғунлашган театрлаштирилган томошалар шодиёнага йиғилган юзлаб ўғил-қизларга, эҳтиёжманд оилаларнинг фарзандларига олам-олам қувонч, завқ-шавқ бағишлади. Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази санъаткорлари, тўгарак аъзолари, ёш истеъдод эгаларининг чиқишлари барчанинг эътиборини тортди.

Туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев болажонларни, барча ҳамюртларимизни айём билан самимий табриклади ва «Президент совғаси»ни тақдим қилди.

-Бу йилги байрам тадбирларида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳолидан хабар олишга алоҳида эътибор қаратилди, -дейди «Маҳалла» хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси мутахассиси Маҳмуджон Асқаров. -Салкам етмиш нафарига «Президент совғаси» туҳфа қилинди. Айниқса, беш нафар иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси ва тўрт нафар юз ёшдан ошган қариялар хонадонларига ташриф уларнинг кўнгилларини шод айлади. Ёки эҳтиёжманд оилалардан икки нафарига бепул уй қуриб берилиши, 10 нафар фуқаронинг уйи жорий таъмирланиши, 88 нафар фуқарога 4 фоизли имтиёзли кредит ажратилиши, 6 нафар фуқаронинг бепул соғломлаштирилиши меҳр-мурувватга муҳтож инсонларга кўрсатилган ғамхўрликнинг ёрқин ифодасидир.

Янги йил байрами арафасида туман ҳокимлигининг мажлислар залида эҳтиёжманд оилалардан 111 нафарига Юртбошимизнинг навбатдаги совғаси – замонавий газ плитаси, кир ювиш машинаси, чангютгич, газ печи каби қимматбаҳо маиший техника воситалари топширилди. Совғаларни вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари А.Файзуллаев, туман ҳокими А.Турдиев тақдим қилдилар. Ушбу совғаларнинг етказиб берилишида республика, вилоят, туман касаба уюшмалари фаоллари жонбозлик кўрсатишди.

31 декабрь куни туман ҳокимлигида кам таъминланган оила фарзандларидан 31 нафарига Янги йил совғаси ва кийим-бош туҳфа қилинди. Шу куни туманимиз раҳбари туман марказий касалхонасининг болалар бўлимига ташриф буюриб, бу ерда даволанаётган юзга яқин бемор болага севимли эртак қаҳрамонлари билан бирга Янги йил совғаларини улашди. Бундай ташриф туманимиздаги ҳарбий қисмга ҳам уюштирилди. Туман ҳокими А.Турдиев, туман ҳокимининг ўринбосари Ҳ.Абдуллаев, туман Кенгаши депутати М.Ғаффоровлар ҳарбийлар ва уларнинг оила аъзоларини, болажонларни байрам билан қутлашди, совғалар топширишди.