ТИББИЙ КЎРИК БОШЛАНДИ
Шу йилнинг 10 январидан туман кўп тармоқли марказий поликлиникаси(КТМП)да туғиш ёшидаги аёлларни чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказиш бошланди.
Кўрик аввалида туман ҳокимининг ўринбосари Нафисахон Мамасолиева, туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Муҳаммадюсуф Раҳмоновлар сўзга чиқиб, аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, чуқурлаштирилган тиббий кўрикнинг аҳамияти ҳақида тўхталдилар.
-Туманимизда 55 мингдан ортиқ туғиш ёшидаги аёл бўлиб, шундан 10500 нафари бизнинг поликлиникамизда тиббий кўрикдан ўтиши режалаштирилган, -дейди туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғининг ўринбосари, туман КТМП мудири Аъзамжон Абилов. -Улар умумий амалиёт шифокори, терапевт, педиатр, акушер гинеколог, хирург, ультратовуш текшируви (УЗИ), эҳтиёжга қараб бошқа тор доирадаги мутахассислар кўригидан бепул ўтказилади. Кейинги босқичда 18 ёшгача бўлганлар, қариялар, диспансер назоратидагилар қамраб олинади. Бир вақтнинг ўзида кўрик туманимиздаги еттита қишлоқ оилавий поликлиникаси, тўртта қишлоқ врачлик пунктида ҳам давом этади. Кўрикни ташкиллаштиришда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси яқиндан ёрдам беряпти.

