ХАЛҚАРО МАЙДОНДА ЎРНИМИЗ БОР

Юксак тараққиёт даври шуни кўрсатадики, ҳеч бир давлат, мамлакат халқаро ҳамжамиятдан айро тарзда ривожлана олмайди, барқарорликка эришмайди. Буни дунё миқёсида улкан салоҳият, куч-қудратга эга давлатлар тажрибасидан ҳам кўриб турибмиз.

Юртимизда ҳам мустақиллик даврининг кейинги ўн йилликларида ўзаро алоқалар, қўшничилик муносабатлари ҳавас қиларли даражада эмасди. Буни илк бор давлат сиёсатига молик вазифа сифатида кўтарган ҳам Юртбошимиз Шавкат Мирзиёев бўлдилар.

Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаларида юқоридаги масала юзасидан қилинган ишларга алоҳида тўхталиб ўтилди.

«Ўзбекистон ташқи сиёсатида Марказий Осиё – бош устувор йўналиш» тамойилини амалда татбиқ этишга киришилгани фикримизнинг яққол исботидир. Бунинг натижасида минтақамизда мутлақо янги сиёсий муҳит яратилди, ўзаро ишонч ва яхши қўшничилик асосидаги алоқалар мустаҳкамланмоқда.

Қирғизистон билан давлат чегаралари тўғрисидаги битимнинг имзоланиши Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган катта қадам бўлди. Туркманистон ва Тожикистон билан ҳамкорлигимиз ҳар томонлама мустаҳкамланди. Бундан ташқари, Россия, Хитой, Жанубий Корея, Туркия, АҚШ, Европа Иттифоқи давлатлари, мусулмон мамлакатлари билан ҳам самарали битим ва келишувларга эришилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги каби халқаро тузилмалар билан алоқаларни янги босқичда давом эттирмоқда.

Шубҳа йўқки, мамлакатимиздаги ижобий ўзгаришлар дунё ҳамжамиятида Ўзбекистонга бўлган қизиқишни ошириб, унинг халқаро майдондаги нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Жасурбек ТУРСУНОВ,

тумандаги 1-сонли давлат нотариал идорасининг нотариус стажёри.