ЮРТИМНИНГ ҲАР ГЎШАСИ ЎЗ УЙИМДЕК

Мунис онам, қадрли отажоним!

Ватан ҳимоясидек муқаддас бурч ҳақида мактаб парталарида кўп ва хўб ўқиб-ўрганган эдик. Мана, бугун шундай масъулиятни елкамга ола туриб, шуни айта оламанки, унинг ўзига яраша машаққати, заҳмати бор экан. Бироқ мен каби барча сафдошларимни ана шу қийинчиликларни мардонавор енгиб ўтишга ундовчи куч мавжуд. Бу Ватан меҳри, муҳаббатидир.

Ҳарбий хизмат йигитни қайта тарбиялайди, дейишади. Бу гапнинг қанчалар ҳаётий эканига энди ўзим гувоҳ бўляпман.

Бугун юрт посбони, Ватан ҳимоячиси кўзи билан ҳаётга назар ташлаяпман. Мен учун гўёки кишиларнинг бегонаси йўқ. Бирида онам, бирида отамнинг аксини кўраман. Ёшлар эса ўзгача олам. Иним, синглим каби беғубор. Мен она юртимнинг қайси бир бурчагида бўлмайин, ўз гўшам, ўз уйимдагидек тасаввур этаман. Бу одамларнинг биз, ҳарбийларга бўлган ўзгача илиқлиги, самимий муноса-батидан. Менинг мана шу мақомга етишимга бош сабабчи бўлган сизларга, устоз-мураббийларимга бошим ерга теккунча таъзимдаман. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо бўлиши йўлидаги камтарона хизматларимдан ғурурланаман, қалбим фахру ифтихорга тўла.

Сўзимнинг сўнгида сизларга ва сизлар орқали жонажон Уйчим аҳлига ўзим, қолаверса, барча сафдош дўстларимнинг самимий саломини йўллайман.

Отабек АҲМАДЖОНОВ,

оддий аскар.