БАРЧА ШАРОИТЛАР МУҲАЙЁ
6-мактабгача таълим муассасаси фойдаланишга топширилганига ўттиз йил тўлган эди. Кейинги вақтда муассасадаги шарт-шароитлар бугунги кун талабига жавоб бермай қолганди. Томидан чакки ўтиб, қишин-ёзин муаммо чиқаверарди.
Юртбошимизнинг 2016 йил 29 декабрдаги «2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига асосан муассаса замонавий ва кўркам қиёфага келтирилди. Аҳмаджон Маматалиев бошчилигидаги «Сифат кафолат стандарт сервис» корхонаси қурувчилари 942 миллион 855 минг сўм маблағ эвазига муассасани тўлиқ таъмирдан чиқардилар. 140 ўринли мазкур муассаса биносининг том қисми шиферланди. Сув, иситиш, канализация тармоқлари янгиланди, ҳар бир хонада иссиқ ва совуқ сув мавжуд. 6 та ёзги айвонча ҳам таъмирдан чиқди.
-Масканимизга келаётган ҳар бир ота-онанинг қувончи чексиз, -дейди муассаса мудираси Гавҳархон Ҳасанова. -Сабаби, уларнинг фарзандлари энди барча шарт-шароитларга эга бўлган, ёруғ ва шинам хоналарда тарбияланишади. Бунинг учун ота-оналар шундай имкониятларни яратиб бераётган Президентимизга миннатдорчилик билдиришмоқда.
Муҳаммад АЛИ.

