ВОЯГА ЕТМАГАНЛАР – ҲИМОЯДА
Ватанимиз мустақилликка эришибдики, биз, ёшларга ҳар томонлама имкониятлар яратилмоқда. Хусусан, иқтисодий-ижтимоий ҳуқуқларимиз Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексида ўз ифодасини топган. Унга кўра, ушбу кодекснинг 84-моддасига қўшимча киритилиб, 247/1-моддаси эса янгитдан ишлаб чиқилди. 84-модданинг 5-бандига кўра, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг ҳамда олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасаларини тамомлаган кундан этиборан уч йил ичида биринчи бор ишга кираётган битирувчиларни ишга қабул қилишда дастлабки синов белгиланмаслиги кўрсатилган бўлса, 247/1-моддада эса таълим муассасаларининг битирувчилари учун қўшимча кафолатлар белгиланган. Унга кўра, ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларининг, шунингдек, давлат гранти бўйича таълим олган олий ўқув юртларининг тегишли таълим муассасаларини тамомлаган кундан эътиборан 3 йил ичида биринчи бор ишга кирган битирувчилар билан меҳнат шартномаси, у тузилган кундан эьтиборан 3 йиллик муддат ўтгунига қадар иш берувчининг ташаббусига кўра, бекор қилинганида иш берувчи бу ҳақда маҳаллий меҳнат органини хабардор қилиши шартлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, ушбу кодекс 240-моддасида 18 ёшга тўлмаган шахслар меҳнатга оид ҳуқуқий муносабатларда катта ёшдаги ходимлар билан тенг ҳуқуқда бўладилар, меҳнатни муҳофаза қилиш, иш вақти, таътиллар ва бошқа меҳнат шартлари соҳасида улар учун меҳнат тўғрисидаги қонунлар ва бошқа норматив ҳужжатларда белгиланган қўшимча имтиёзлардан фойдаланадилар, дея белгиланган.
Шу ўринда таъкидлаб ўтиш жоизки, 14 ёшга тўлмаган болаларга нисбатан васийлик ва 14 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар ўртасида ҳомийликнинг белгиланиши миллий қонунчилигимизнинг вояга етмаганларга қаратаётган юксак эътиборидир. Бу борада қабул қилинган «Васийлик ва ҳомийлик тўғрисида»ги Қонун ҳам ёшларни ҳар томонлама иқтисодий ва ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг намунасидир. Хусусан, ушбу Қонунда, вояга етмаган ҳар бир бола эътибордан четда қолмаслиги, уларнинг ҳаракат ва интилишлари муносиб баҳоланиши лозимлиги ҳақида фикр юритилган. Шунингдек, ота-оналар, васийлар ва ҳомийлар, меҳнатни муҳофаза қилиш устидан назорат қилувчи органлар ҳамда вояга етмаганлар ишлари билан шуғулланувчи комиссиялар, агар 18 ёшга тўлмаган шахслар бажараётган ишни давом эттириш, улар соғлигига зиён қиладиган ёки уларга бошқача тарзда зарар етказадиган бўлса, бундай шахслар билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилишни талаб этишга ҳақлидирлар.
Севара ЖАМОЛОВА,
туман маъмурий судининг архивариуси.

