КЎТАРИНКИ РУҲДА ЎТДИ
Қуролли Кучларимиз ташкил этилганлигининг 26 йиллиги ҳамда «Ватан ҳимоячилари куни» туманимизда ҳам кенг тантана қилинди.
13 январь куни туман ҳокимлигининг мажлислар зали байрамона безанди. Шода-шода медалларни таққан спортчилар тадбир меҳмонлари – ҳарбийлар, меҳнат фахрийлари, кенг жамоатчилик, ёшлар вакиллари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар раҳбарларини қарши олдилар. Залга кириш қисмида ёш рассомларнинг ҳурлик, тинчлик, Ватан ҳимоячиларини акс эттирган кўргазмалари, истеъдодли чолғучиларнинг мумтоз куйлари ўзгача кўтаринкилик бағишлаб турди. Биринчи Президентимиз Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан алоҳида кўргазмалар ташкил қилинди.
Тантанада туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев сўзга чиқиб, йиғилганларни байрам билан самимий муборакбод этди. Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси куйланди. Бир гуруҳ ҳарбийлар, меҳнат фахрийларига эсдалик совғалари топширилди.
Туман маданият ва аҳоли дам олиш маркази, 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактабининг истеъдодли ўқувчилари томонидан тайёрланган байрам концерт дастури барчага кўтаринки кайфият ва қувонч бағишлади.

