ЛОҚАЙД БЎЛМАСЛИГИМИЗ ШАРТ
Инсон учун ҳурлик ва озодликдан улуғроқ неъмат йўқ. Аллоҳ таоло инсонни азалдан озод қилиб яратиб, унда бу ҳаётда берилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, ўзи яшаб турган заминни обод этиш масъулиятини юклаган. Афсуски, баъзи инсонлар ўзига юклатилган бундай шарафли масъулиятни унутиб, ҳаёт неъматининг қадрига етмай, билиб-билмай турли хилдаги жиноятларга қўл уриб қўяди. Жиноятга жазо муқаррарлиги сабабли озодлик деган азиз неъматдан маҳрум этилади.
Барчамизга маълумки, муҳтарам Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан афв этиш тўғрисида»ги Фармонига биноан 2700 нафар шахс маҳкумликдан озод этилиб, улар ўз оиласига қайтарилди. Дарҳақиқат, жазо беришга қодир бўла туриб, афв этиб юбориш нақадар савобли ишдир.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилган: «Уларни афв этинг ва кечиринг! Албатта Аллоҳ эзгулик қилувчиларни севади». (Моида сураси, 13-оят).
Шундай экан, ўз навбатида афв этилиб, озодликка чиқарилган шахслар ҳам бунга жавобан ўтмишда қилган хатоларини такрорламасликка азму қарор қилиб, қолган ҳаётларини оиласига, маҳалла-кўй ва жамиятига манфаатли тарзда ўтказмоқлари лозим. Зеро, яхшиликка яхшилик билан жавоб бериш ҳам фарздир.
Президентимиз ҳар бир маърузаларида инсон тақдирини, унинг манфаатини юқори қўйиб гапирмоқдалар. Ҳар бир қилаётган ишимиз бугунги кескин ўзгаришларимиз, фуқароларнинг тинчлиги, фаровонлиги учун эканлигини қайта-қайта таъкидламоқдалар.
Бизлар юртимизда амалга оширилаётган бу каби хайрли ишларга ривож тилаб, Юртбошимизни дуо қилишимиз, қолаверса, амалий ишларимиз билан юртимиз равнақи учун халқимизнинг имонли, эътиқодли бўлишига муносиб ҳаракат қилайлик.
Исроилхон ҚИРҒИЗБОЕВ,
туман бош имом хатиби.

