СИНОВЛАРДА ТОБЛАНГАН ҲАЁТ
Ҳар бир гўшанинг у ёки бу жабҳада меҳнати билан ўз даврида обрў-эътибор топган, алоҳида ажралиб турадиган фарзандлари бўлади. Уларнинг меҳнати тирикчилик билангина чегараланмай, жамиятнинг юкига елка қўйиш, юртдошлари оғирини енгил қилиш билан ҳам қадр топадики, одамлар бундай инсон қалбидаги ана шу эзгуликнинг манбаи нимада эканини билишга ошиқадилар.
Жамолдин Комилов Уйчининг ана шундай асл фарзандларидан. У бор истеъдоди-ю иқтидори, меҳнати-ю заҳмати халқ оғирини енгил қилишга қаратилган умр йўлларида хайрихоҳлик қилган яхши одамлар ибратидан териб олинган дурдоналар сабаб бўлса, не ажаб.
…Дунёни остин-устун қилган иккинчи жаҳон урушининг заҳар-заққум тўла «совуқ шамоли» ғалабадан кейин ҳам узоқ давом этди. Одамларнинг галдаги вазифаси жамиятни «оёққа турғазиш», тараққий эттиришдан иборат эди. Бунинг учун эса кишиларда лойсувоқ том, пахса девор уй, эгнида жулдир чопону елкасида кетмондан бўлак ҳеч вақо йўқ эди. Халқда қорин қайғуси – бош масала, ош авлиё, нон пайғамбар бўлган. Мана шу кезларда халқнинг энг катта бойлиги – эртага бўлган ишонч, ёруғ кунга умид бор эди.
Беш йил урушда қон кечиб, жонажон Ватанга қайтган Камолиддин Қодиров ҳам ўзини халқ хўжалигини тиклаш йўлига сафарбар этди. Бу орада Турдихон опа билан турмуш қурди. 1948 йилда оиланинг умиди – тўнғич ўғил Жамолдин дунёга келади.
Жамолдиннинг кўпга бош бўлиш қобилияти оиладаноқ шаклланиб улгурган. Бирин-кетин туғилган укалари Жалолдин, Абдулазиз, Ҳакимжон, Иброҳим, Рустамжон, Абдувоҳид, Хайрулло тўнғич акаларининг этагидан тутиб улғайишди.
Оилада қиз бола йўқ эмасми, шу боис укалар бир-биридан ўт-олов, ерга урса, кўкка сапчийдиган эди. Бироқ улар Жамолдин аканинг чизган чизиғидан чиқишмаган, айтганларини сўзсиз бажаришган. Бу анъана ҳанузгача ўзгармай, давом этиб келмоқда.
Жамолдин Комилов меҳнат фаолиятини 1970 йилда тумандаги 15-мактабда физика фанидан ёшларга сабоқ беришдан бошлади. Кейинчалик ҳарбий хизматдан қайтгач, Жийдакапа политехникумида ўқитувчи, туман ёшлар қўмитасида бўлим мудири, партия қўмитасида мафкура бўлими мудири ўринбосари лавозимларида самарали меҳнат қилди.
Собиқ «Ғайрат» жамоа хўжалиги партия қўмитаси котиби вазифасида ишлаган пайтлари қишлоқ инфратузилмасини яхшилашга катта ҳисса қўшди. Бояғон, Ғайрат, Обжувоз ҳудудлари аҳолисининг табиий газ билан таъминланишида бевосита ташкилотчилик қилди. Ушбу хизматлари ҳукумат томонидан эътироф этилиб, вилоят партия қўмитаси аъзолигига сайланди.
Мустақиллик йилларида Жамолдин Комилов каби элнинг асл фарзандларига энг оғир жабҳаларда масъулият юки ортилди. Жамолдин ака Ўзбекистон Халқ демократик партияси таъсис қурултойида делегат бўлиб иштирок этди. Унинг катта тажрибаси, меҳнатсеварлиги, фидокорлиги, тадбиркорлиги ва ташкилотчилиги, самимийлиги ва одамийлиги каби фазилатлари инобатга олиниб, 1992 йили туман ҳокимининг ўринбосари этиб тайинланди. 1994 йилдан ЎзХДП туман кенгашининг биринчи котиби бўлиб иш бошлади. У партия раҳбари сифатида туманда пилла етиштириш ва тайёрлашни оталиққа олиб, муттасил вилоятда биринчилардан бўлиб режани ортиғи билан бажарган. Туман аҳолиси ўртасида мунтазам равишда футбол, шахмат мусобақаларининг ўтказилишига бош-қош бўлган. Уйчи қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежи директори сифатида ўқув маскани моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, таълим-тарбия жараёнини янги сифат босқичига кўтариш ишларида катта ютуқларни қўлга киритди.
«Умр бир хилда равон кечавермайди. Бирор мансабга эришганда босар-тусарини билмай, одамларни назар-писанд қилмай қўядиган калтабинлар отдан тушди дегунча одамлар ҳам ундан юз ўгирадилар… Аксинча, мансаби кўтарилгани сари одамлар ичига кириб, ўз мавқеини уларга яхшилик қилишга бўйсиндирган одам, мансаби бўлмаса ҳам мартабаси баландлигича қолади», -деган эди атоқли адиб, Ўзбекистон халқ шоири Ҳабиб Саъдулла. Устоз шоирнинг ушбу таърифлари айнан Жамолдин Комилов каби ҳазрати инсонларга аталган бўлса, не ажаб.
-Ўтган умрга назар солиш – эл олдидаги сарҳисобингдай гап, -дейди Жамолдин ака. -Мана шу паллада қалбинг хотиржам бўлиши учун ҳам ёшликдан ҳаракат қилиб қолиш шарт. Акс ҳолда, ҳаёт бесамар кетгани тайиндир.
Жамолдин ака умрини сарҳисоб қилар экан, чинакам бахт қуши бошига қўнганлар сирасига қўшади ўзини. Бунинг сабаби бор. У бутун ҳаёти давомида фақат яхши инсонлар йўлдош, хайрихоҳ бўлганидан қувонади. Шу паллада устозлари Абдуфаттоҳ Эгамбердиев, Сай-фиддин Тошпўлатов, Асқаржон Ҳожимирзаев, Раҳмонберди Раҳимов, Алексей Хван, Раънохон Ҳамроқуловаларни хотирлайди.
Бир умр ҳамфикр, ҳамнафас дўстларини бирма-бир санашдан чарчамайди. Абдубанно Холмонов, Рустамжон Умматов, Жавлонбой Дадамирзаев, Дилмурод Қосимов, Ҳабибулло Нурматов, Давронбой Каримов… Уларнинг ҳар бири бугун қалб тўридаги эзгу тилакларини Жамолдин акага изҳор этишмоқда.
Мана шу паллада шоир ва публицист Зиёвиддин Мансуровнинг ушбу фикрларига қулоқ тутамиз:
– Жамолдин ака талабчан ва қаттиққўл раҳбар бўлиш билан бирга ҳеч бир инсоннинг кўнглини оғритган эмас, қалбига озор етказмаган. Ундаги феъл-атворнинг манзурлиги, ибратли маънавияти, одамохунлиги, қўйингки, олижаноб инсоний фазилатлари билан кўпчилигимиз учун «ўзимизнинг Комилов»га айланган, шундай ардоқ-эъзозга лойиқ сиймолардан бири сифатида эътиборлидир.
-Жамолдин аканинг туман ижтимоий-сиёсий тармоғини юксалтиришдаги хизматлари беқиёс,-дейди шогирдлардан бири, Республика маънавият тарғибот маркази туман бўлими раҳбари Эътиборхон Юнусова. -Устознинг номлари ЎзХДП вилоят кенгашининг «Эҳтиром» китобига киритилгани ҳам бежиз эмас.
«Еттидан бири – Ҳизр», -деган гап бор. Мўъжизакор етти рақами қаҳрамонимизга жуда кўп ҳамроҳ бўлган. Масалан, оилада етти укага бош бўлган, меҳнат фаолиятини 70-йилдан бошлаган. Тумандаги еттита турли соҳада самарали меҳнат қилган. Турмуш ўртоғи Зарифахон опа билан еттита авлод (икки фарзанд, беш набира)га бош. «Бир йигитга етмиш ҳунар оз» нақлини ҳаётда шиор қилган. Ва ниҳоят, қаҳрамонимиз табаррук етмиш ёшни қарши олди.
Суронли тарих чархпалаги учун етмиш йил кўз очиб-юмгудай гап. Аммо бир инсон ҳаёти учун, қаҳрамонимиз ўзи таъриф берганидек, элга ҳисобот берадиган палла.
Биз Жамолдин ака Комиловни таниган-билган барча яқинлари номидан таваллуд айёми билан самимий муборакбод этамиз. Шахсий ҳаётда битмас-туганмас соғлик, оилада тинчлик-тотувлик, туманнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида фаол иштирок этиш бахти ҳамиша ҳамроҳ бўлсин Сизга, Жамолдин ака.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

