УЛКАН РЕЖАЛАР САРИ

Замонавий давлатчилигимиз тарихида улкан ўзгариш ясаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонларидан 2017 йил 22 декабрь куни илк маротаба Олий Мажлисга Мурожаатнома тақдим қилинди. Туман ҳокимлигининг мажлислар залидаги видеоконференцияда иштирок этиб, Юртбошимизнинг куйиниб гапирганларини диққат билан тингладим ва кундалик дафтаримга ёзиб бордим, кейин уни такрор-такрор ўқидим. Амин бўлдимки, яқин келажакда жонажон Ватанимиз мисли кўрилмаган даражада ривожланади. Биздан бутун дунё ўрнак олса, арзийди.

Бу таваккал иш эмас, ахир мазкур концепцияда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ғояси мужассамлашган. Бу ғояни амалга ошириш учун эса ҳар биримиз, айниқса, ёш авлод вакиллари жонбозлик кўрсатиши лозим. Аввало, йил давомида мамлакатимизни янада тараққий эттириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилган мақсад ва вазифаларни бажариш учун давлатимиз бор кучи ва имкониятлари сафарбар этилгани таъкидлаб ўтилди. Биз мамлакат ҳаётига доир ҳар бир қарорни халқимиз билан бевосита мулоқот асосида қабул қилмоқдамиз. «Халқ давлат идораларига эмас, балки давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак», деган ғоя бу борада фаолиятимиз мезонига айланиб бораётгани таъкидланди.

Ушбу Мурожаатномадан бир мутахассис, шу юрт фарзанди сифатида олдимга улкан режа ва мақсадлар қўйдим. Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойиш, нутқ, маъруза ва асарлари, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари ва бугунги кунда амалга оширилаётган давлат сиёсатининг устувор йўналишлари, кенг кўламли ислоҳотларнинг моҳияти, Ўзбекистон Республикасининг амалдаги ва  янги қабул қилинган қонунлари, Конституция нормалари ва уларнинг мазмун-моҳиятига оид ҳамда маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш йўлида олиб борилаётган ишларда туман фаоллари қаторида янада фаол иштирок этаман.

Дилмурод АБДУҚАҲҲОРОВ,

Республика Маънавият тарғибот маркази туман бўлими мутахассиси.