ЁШЛАРДАН ЎРГАНАДИГАН ПАЙТ КЕЛДИ
Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома» асари асрлар оша дунё адабиёти ихлосмандларининг эътиборини қозониб келиши бежиз эмас. У нафақат тарихдан сўзлагувчи манба, балки бадиий жиҳатдан ҳам пишиқ, серқиррадир. Унинг ноёблик хусусиятларини очиб бериш учун бутун бир илмий иш ҳам камлик қилади.
39-мактабнинг ёш, изланувчан она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Феруза Муродуллаева дарс жараёнида ўқувчиларга асарнинг юқоридаги хусусиятларини етказиб боради. Унинг 10-синфда «З.М.Бобурнинг «Бобурнома» асари» мавзусида ташкил этган очиқ дарсини кузатган мутахассислар мана шундай фикрга келдилар. Улардан бири мактаб директори Комилжон Маматкаримов.
-Биз, кекса авлод ёшлардан кўп нарсаларни ўрганадиган пайт келди, -дейди Комилжон ака. -Бугун Феруза Муродуллаева мана шуни яна бир карра исботлаб берди. У ўтган йили туман семинарида ҳам айнан шу мавзудаги дарс ишланмасини оммалаш-тиришга муваффақ бўлганди.
Дарҳақиқат, очиқ дарснинг муваффақияти шундаки, «Бобурнома» билан боғлиқ энг сўнгги янгиликларнинг ҳавола этилиши, АКТ орқали бобурийларнинг сўнгги сулоласи ҳақида маълумот бериш ҳар қандай бефарқ ўқувчиниям жараёнга беихтиёр торта олиш қудратига эга.
-Мен, айниқса, юқори синфларда ўқувчиларни эркин, мустақил фикрлашга, баҳс-мунозара маданиятига ундайман, -дейди Феруза. -Бу орқали ёшларда ҳамсуҳбатни тинглаш, унинг фикри тўғри ёки нотўғрилигини исботлай олувчи муносабат билдириш хусусияти шаклланади.
Ҳақиқатдан ҳам, дарс жараёнида ўқувчилардан Зилола Исомиддинова, Зайнабхон Умарқулова, Адҳам Маматхонов, Мурод Мамажоновлар ўзларининг фаол иштироки билан буни исботлашди.
Феруза Муродуллаева адабиётдан ташқари, ўзбек грамматикасидан ҳам алоҳида қунт ва иштиёқ билан сабоқ беради. Унинг янги педагогик технология, интерфаол усуллар негизида қурилган бир нечта ноанъанавий дарслари ёш ҳамкасбларига «Мастер класс» вазифасини ўтамоқда.
Абдулҳаким НИШОНОВ.

