ТАҲЛИЛЛАРДАН ХУЛОСА ЧИҚАРАЙЛИК

Туманимизда жиноятчиликнинг олдини олиш ва унга қарши курашишни кучайтириш ҳамда профилактика тадбирларини амалга ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди. Буни ўтган 2017 йил давомида умумий жиноятчилик 323 тадан 255 тага ёки 21,5 фоизга ва унча оғир бўлмаган жиноятлар 116 тадан 79 тага ёки 31,9 фоизга камайганидан билиш мумкин.

Бундан ташқари, талончилик ва транспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари содир этилмаган, фоҳишахона сақлаш ва қўшмачилик жиноятлари, қиморхона ташкил этиш, безорилик, ўғрилик, ўртача оғир тан жароҳати етказиш, қасддан оғир тан жароҳати етказиш, фирибгарлик, вояга етмаган шахсни моддий таъмин-лашдан бўйин товлаш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш жиноятлари камайган. Вояга етмаганлар, аёллар, ёшлар, ишламайдиганлар, муқаддам судланганлар томонидан ва маст ҳолда жиноят содир этилиши ҳам камайишига эришилган.

Бироқ, олиб борилган ишларга қарамай, оғир жиноятлар, порахўрлик, номусга тегиш ва экстремизм билан боғлиқ жиноятлар ҳамда одам савдоси, қотиллик, енгил тан жароҳати етказиш, маъмурий назорат қоидасини бузиш, ўлим билан тугаган йўл-транспорт ҳодисалари ва ўлим билан тугамаган йўл-транспорт ҳодисалари ортиб кетган.

Умумий жиноятчилик аҳволи тумандаги МФЙлар кесимида ўрганилганида, Қувурбоши, Мирзаровот ва Мустақиллик МФЙларида жиноят содир этилмаган, 25 та МФЙда камайгани ҳолда, 13 тасида тенг ҳолатда ва 15 та МФЙда эса ортган.

Айниқса, Даҳиякота, Пастгузар, Файзиобод, Боғ кўча, Дўстлик(Жийдакапа), Деҳқонобод, Дўстлик(Ровот), Муборак, Обод, Истиқлол, Зиёкор, Навоий, Ғайрат, Шифокор ва Янгиҳаёт МФЙларида ортиб кетган.

Бу эса, ўз навбатида, мазкур ҳудудларнинг маҳалла фуқаролар йиғинлари фаоллари, туман ИИБ профилактика инспекторлари И.Исоқов, У.Шарипов, А.Абсаров, Д.Жўраев, Ж.Абдураҳимов, Р.Қаҳҳоров, К.Давронов, Б.Турсунов, Н.Раҳимов, К.Ҳамроев, А.Болтабоев, И.Тоштемиров, И.Долимов, С.Усмоновлар томонидан жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олишда самарали иш ташкил этилмай, жамоатчилик билан ҳамкорликда фаолият олиб борилмагани ҳамда ўз хизмат вазифаларини лозим даражада бажармаганликлари оқибатида келиб чиққан.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туманда 9 та ўта оғир жиноят Янгиҳаёт, Файзиобод, Қўрғонча, Қаҳрамон, Эзгулик, Ғайрат МФЙлари ҳудудида содир этилган. Бунинг 3 таси қотиллик, 4 таси гиёҳванд моддаларни ноқонуний ўтказиш, 1 тадани босқинчилик ва 14 ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб, ғайритабиий усулда қондириш каби жиноятлардир.

Оғир жиноятлар ҳам 15 тадан 19 тага ёки 26,7 фоизга ортган. Хусусан, қасддан баданга оғир ва ўртача тан жароҳати етказиш, порахўрлик, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик, гиёҳвандлик моддаларини сақлаш, ноқонуний қурол сақлаш, қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш, одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар ортиб кетган ёки кескин даражада камаймасдан қолмоқдаки, бу эса туманда оғир жиноятларнинг  ортиб кетишига ўз таъсирини кўрсатган.

Фуқаролар ўртасида порахўрлик жиноятининг олдини олиш борасида етарли даражада тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмаганлиги, фуқаролар ўртасида қонун талабларига риоя этиш, ишга қабул қилишнинг тартиби, меҳнат қонунчилиги тартиботи, ишга қабул қилишнинг қонун талаблари асосида расмийлаштириш юзасидан кенг қамровли ишлар олиб борилмаганлиги оқибатида порахўрлик жинояти 4 тадан 10 тага ёки 150 фоизга ортган.

Шунингдек, туман ИИБ ходимлари томонидан муқаддам судланган ёки маъмурий назоратга олинган шахслар билан етарли даражада иш ташкил қилинмаганлиги, маъмурий назоратга олинган шахсларнинг белгиланган чекловларга риоя этилиши юзасидан мунтазам равишда назорат ишларини тўғри йўлга қўйилмаганлиги оқибатида маъмурий назорат қоидасини бузиш жинояти 33,3 фоизга ортиб кетган.

Ҳудуд профилактика инспекторлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда жанжалкаш оилалар сифатида ҳисобга олинган оилаларни соғломлаштириш борасидаги ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Улар устидан мунтазам профилактика тадбирлари ўтказилмаганлиги, оилалардаги эр-хотинлар, фуқаролар ўртасида низоларни яраштириш комиссияларида дарҳол кўриб чиқиб, яраштириш чораларини кўриб борилмаганлиги оқибатида оила-турмуш доирасида 7 та енгил тан жароҳати етказиш жинояти содир этилган.

Ўтказилган ўрганишлар шуни кўрсатмоқдаки, ҳудудларда жиноятчиларнинг гуруҳларга бирлашаётганлиги, улар томонидан қандай жиноятларни содир қилишга тайёргарлик кўрилаётганлиги тўғрисида маълумотлар етарли даражада тўпланмаётганлиги, жиноятчиларнинг гуруҳларга бирлашаётганлиги тўғрисида маълумотлар ҳақида ўз вақтида хабардор бўлмаслик оқибатида гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар 28 тани ташкил қилади. Булар 10 та ўғрилик, 5 та рангли металл ва уларнинг парчаларини ўтказиш, 3 тадан фирибгарлик, Республикамиз ҳудудидан чиқиш ёки кириш қоидаларини бузиш, 2 та гиёҳванд воситаларини қонунга хилоф равишда ўтказиш, 1 та босқинчилик, 4 та бошқа жиноятлардир.

Энг ачинарлиси, туман ИИБ ходимлари томонидан фуқароларнинг жиноят ҳақидаги мурожаатлари юзасидан тўлиқ ва холисона терговга қадар текширув ишлари олиб борилмасдан, мурожаатга юзаки қаралганлиги оқибатида гуруҳлар томонидан оғир турдаги босқинчилик жиноятига ўз вақтида муносабат билдирилмаган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳамда жамоат ташкилотлари томонидан соғлом муҳитни шакллантиришга қаратилган бир қатор амалий ишлар амалга оширилишига қарамасдан, ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатлари ҳанузгача давом этмоқда.

2016 йилга нисбатан 2017 йилда ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш 4 тага кўпайди. Шунингдек, ўз жонига қасд-суиқасд қилганларнинг 5 нафарини вояга етмаганлар ташкил этгани ачинарлидир.

Юқорида баён этилганлар ушбу соҳада мутасадди идоралар ҳамда жамоат тузилмалари ўртасида ҳамкорлик ҳамон яхши йўлга қўйилмаганлигини кўрсатмоқда. Шундан келиб чиқиб, «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида»ги Қонун ижроси ҳамда суицид ҳолатларининг олдини олишга масъулият билан ёндашиб, бу соҳадаги ишларни тубдан яхшилаш, фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган амалий чора-тадбирларни кўриш лозимлигини бугунги ҳаёт ўзи тақозо этмоқда. Шу боис жамиятимизнинг ривожланиш йўлига тузоқ қўювчи, тараққиётга болта урувчи жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга барҳам бериш ҳар бир мутасадди идора ва ташкилот ходими, жамиятнинг фаол аъзосиман деган фуқаро учун истиқболдаги бош масалалардан бири сифатида эътибор қаратилмоғи даркор.

Воҳиджон НИШОНОВ,

туман прокурори в.б.