ИСЛОМ КАРИМОВ ҲАМИША БАРҲАЁТДИРЛАР
Юртбошимизнинг 2017 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш тўғрисида»ги қарорлари туманимиз аҳлини ҳам беҳад қувонтирди.
Бир неча кундирки, туманимиздаги таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари, ташкилот, муассасаларда бўлиб ўтаётган тадбирлар Биринчи Президентимизга бўлган чуқур ҳурмат ва эҳтиромнинг ёрқин ифодаси бўлди.
30 январь куни туман ҳокимлигида бўлиб ўтган тадбир «Ислом Каримов ҳамиша барҳаётдирлар» деб номланди. Унда фахрийлар, фаоллар, ёшлар, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.
Тадбирда туман ҳокими, халқ депутатлари туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев сўзга чиқиб, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг фаолиятлари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу буюк инсоннинг сиймоси ҳаётини Ўзбекистон равнақи, халқининг фаровонлиги, ёш авлод келажаги йўлида фидо қилган инсон, халқимизнинг суюкли Йўлбошчиси сифатида қалбларимизда абадий муҳрланиб қолади, дея таъкидлади туманимиз раҳбари.
Республика «Нуроний» жамғармаси туман бўлинмаси раиси Тоҳиржон Исматиллаев ўз хотираларидан сўзлаб берди.
Биринчи Президентимизнинг таржимаи ҳоли, меҳнат фаолияти таништириб ўтилди. Ўқувчиларнинг шеърий чиқишлари, туман маданият бўлими томонидан тайёрланган дастур тадбир мазмунини янада бойитди.
Шу куни туманимиздаги мавжуд 56 та маҳалла фуқаролар йиғинида, гузарлар, мажмуаларда тадбирлар бўлиб, уларда беш мингдан ортиқ фахрий, фаоллар вакиллари қатнашдилар. Нуронийлар дуои фотиҳалар қилишди.
Суратда: Боғ МФЙда ўтказилган тадбирдан лавҳа.

