ФАРОВОНЛИК ЮКСАЛИШИ УЧУН…
22 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида»ги Фармони қабул қилинди.
Зулхумор КАРИМОВА,
туман Кенгаши депутати.
-Давлат дастури доирасида давлат ва жамият қурилиши тизимини сифат жиҳатидан яхшилаш ижтимоий-иқтисодий соҳа, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, вазмин ва амалий ташқи сиёсат юритишга қаратилган қатор аниқ ва амалий чора-тадбирлар белгиланганлиги билан аҳамиятли. Таъкидлаш жоизки, халқ билан тўғридан-тўғри мулоқот ҳамда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида қилинган ишларнинг танқидий таҳлили жойларда аҳоли фаро-вонлигини ошириш ишлари аҳволини тубдан яхшилашга тўсқинлик қилаётган қатор муаммолар мавжудлигини кўрсатди. Шунинг учун Давлат дастури лойиҳасини муҳокама қилиш жараёнида фуқаролардан келиб тушган таклифларнинг аксариятида кўрсатилган долзарб муаммоларни ҳал қилишга оид алоҳида ҳуқуқий нормалар бевосита Фармоннинг ўзида кўрсатилган. Уларнинг ижросини дарҳол таъминлаш шарт экани бугун ҳар биримиз учун бош мақсад бўлмоғи лозим.
Маҳмуджон ҒАФФОРОВ,
туман Кенгаши депутати.
-Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш масаласи Давлат дастурининг биринчи бўлимида акс этгани бежиз эмас. Ушбу ҳужжат, аввало, давлат идораларида хизматни ҳақиқатдан нуфузли фаолиятга айлантиради, давлат хизматчиларининг меҳнат ҳақи ва ижтимоий ҳимояси учун муносиб тизим шакллантиради, юклатилган вазифаларнинг сифатли ижроси учун давлат хизматчиларининг жавобгарлигини оширади. Эндиликда ҳар бир давлат хизматчиси эгаллаб турган лавозимига муносиб эканини ҳар куни исботлаши керак бўлади.
Ҳасанбой ОНОРБОЕВ,
туман Кенгаши депутати.
-Хорижда яшаётган ва ишлаётган юртдошларимиз билан ҳамкорлик қилиш бўйича давлат сиёсати концепцияси Давлат дастурига мувофиқ ишлаб чиқиладиган бўлди. Эндиликда экстремистик ғоялар таъсирига тушиб қолган фуқароларни ижтимоий реабилитация қилиш, бундай фуқароларни соғлом муҳитга қайтариш тизимини такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Диний маърифат тизими қайта кўриб чиқилиб, бу борада аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги ва таъсирчанлиги кучайтирилади. Ушбу ишлар аҳоли фаровонлигини амалда юксалтириш ва фуқароларнинг ҳаёт сифатини яхшилашда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

