ҚАРМОҚҚА ИЛИНГАН ҚАЛЛОБ

Юртимизда аҳоли бандлиги, бўш иш ўринларини яратиш, фуқароларни иш билан таъминлаш масалалари мамлакат сиёсати даражасига кўтарилган. Бу борада бир қатор қонун ва қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб, ҳаётга татбиқ этилмоқда. Жойларда аҳолининг ушбу муаммолари атрофлича ўрганилмоқда. Президент портали, виртуал қабулхоналарга келган мурожаатларга вақтида ечим топилмоқда, мунтазам равишда «Меҳнат  ярмаркаси» ўтказилиб, натижадорликка эришилмоқда.

Афсуски, фуқароларни ишга жойлаштиришда муқобил йўл ахтараётган, бу йўлда жиноятга қўл уриб, эл-улус олдида беобрў бўлаётганлар ҳам тез-тез учраб турибди.

Ҳамюртимиз А.Ш. туман тиббиёт бирлашмасининг техник ходими бўла туриб, фуқароларни ишга жойлаштиришга аралашиб қолгани қимматга тушди. У гўёки бирлашма бошлиғи билан келишиб қўйганини рўкач қилиб, Г.М.ни ишга жойлаштириш учун 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулни талаб қилади. Аммо фирибгарлик йўли билан қўлга киритмоқчи бўлган пуллар унинг учун анча ташвиш келтирди.

Ушбу жиноий иш жиноят ишлари бўйича туман судида кўриб чиқилди. Судланувчи А.Ш. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топилди. Унга ойлик иш ҳақининг 20 фоизи давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда 2 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Анваржон РАҲМОНОВ,

Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси.