ИЛМУ МАЪРИФАТГА ЕТАКЛАЙЛИК

Ҳозирги кунда мамлакатимизда ёшларга берилаётган имкониятлар ва уларга яратилаётган шарт-шароитлар юксак даражада бўлиб, бунга бутун дунё нигоҳини қаратиб турган даврда, минг афсуслар бўлсинки, бугунини ўйлаб ёки ўз манфаатини кўзлаган ҳолда вояга етмаган фарзандининг таълим олишига бефарқ бўлган, хорижга чиқишига йўл қўйиб бераётган ҳамда мажбурий меҳнатга жалб этиб, пул топишга мажбурлаётган ота-оналар ҳам учраб туради. Бундай ҳолатларда чет элда юрган вояга етмаган фарзандларимиз юртимизни эришиб келаётган ютуқларини кўра олмайдиган ҳар хил ғаламисларнинг тузоғига тушишига ҳеч ким кафолат бера олмайди. Қолаверса, ёшларимизнинг ўзга муҳитда қай шароитда меҳнат қилаётганлиги, билмасдан ёки била-туриб турли хил диний оқимларга адашиб кириб қолаётгани сир эмас.

Ўз фарзандининг келажагига бефарқ ота-оналар ўғил-қизларининг қўлига қимматбаҳо уяли алоқа телефонларини тутқазиб қўяётгани кишини ўйлантириб қўяди. Биргина мисол, бир дона уяли алоқа телефони ва унинг интернет трафигига сарф қилинаётган пулга ҳозирги кунда кўплаб бадиий адабиётлар, қўйингки, кўплаб илмий китоб ва дарсликлар сотиб олиш, ундан фойдаланиш мумкин. Китоб мутолаа қилган инсон дунёга бошқача назар билан қарайди. Кенг фикрли бўлиб, дунёқараши кенгаяди, муомала маданияти ўзгаради. Бир ўйлаб кўрайлик, бошини уяли телефондан кўтармай, интернетдаги турли сайтлардан фойдаланаётган ёш ўғил-қизларимиз бундай имкониятдан ўз ўрнида самарали ва мақсадли фойдаланишларига ким кафолат беради?

Ота-она учун ўз фарзандининг ножўя қилмиши ва содир этган жиноий ҳаракатлари учун суднинг қора курсисида кўриб, аламли пушаймон бўлишдан кўра имкон борида унинг олдини олиш муҳим эмасми?

Шундай экан, азиз ота-оналар, давлатимиз қилаётган ғамхўрлик эвазига фарзандларимиз қўлига илму маърифатга етакловчи китоблар тутқазайлик, тўғри нурафшон йўл кўрсатиб, таълим олишларига имкон яратайлик.

Ёш авлоднинг келажагига бефарқ бўлмасак, уларни ватанпарварлик руҳида тарбияласак, мамлактимиз ривожига муносиб ҳисса қўшамиз ва муҳтарам Юртбошимиз таъкидлаганларидек, келажак авлод биздан рози бўлишига ҳаракат қилган бўламиз.

Отабек ЖАЛОЛОВ,

Жийдакапа қурилиш ва коммунал хўжалиги касб-ҳунар коллежи директори,

Баҳодир БЕКТЎРАЕВ,

коллеж ҳуқуқшуноси.