УЙЧИГА НУР ЁҒИЛДИ

4-5 февраль кунлари туманимизда бўлиб ўтган Қуръон мусобақасида қатнашганлар дилида шундай ўй кечди

Муқаддас Ислом динини ўрганиш, аждодларимизнинг бу борадаги бой меросини тўлиқ тадқиқ этиш, диний таълим сифатини юксалтириш бугунги кунда юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан саналади.

2017 йил 1 сентябрда Тошкент шаҳридаги «Ҳазрати Имом» мажмуасида давлат, жамоат ва

диний соҳа ходимлари билан бўлиб ўтган учрашувда давлатимиз раҳбари томонидан Ўзбекистон Қуръон мусобақасини ташкил этиш таклифи ўртага ташланган эди. Шундан келиб чиқиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси жорий йилнинг биринчи ярмида юртимизда 18-40 ёшдаги фуқаролар ўртасида муқаддас калом баҳсини ўтказишни белгилаб олди.

4-5 февраль кунлари туман марказидаги “Худойберди Эшон” жоме масжидида 18-40 ёшдаги эркаклар ҳамда аёллар ўртасида Ўзбекистон Қуръон мусобақаси ўтказилди. Унда туманимиз вакиллари билан биргаликда Учқўрғон, Норин, Чортоқ туманларидан ташриф буюрган юздан ортиқ ҳофизи қуръонлар ўзаро баҳс юритдилар.

Мусобақанинг очилиш маросимида туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев сўзга чиқиб, мамлакатимизда виждон эркинлиги ва диний таълим учун яратилаётган имкониятлардан оқилона фойдаланиш ва унинг қадрига етиш ҳақида тўхталиб ўтди, мусобақа иштирокчиларига омад тилади.

Беллашувда туманлардан иштирок этишни билдирганлар сонига қараб ҳифз ҳамда тиловат йўналишларида ғолиблар аниқланди.

Икки кун давом этган мусобақа  якунига кўра, туманимиз вакилларидан эркаклар 7 нафар, хотин-қизлардан 4 нафари ғолиблар сафидан жой олгани барчамизни қувонтирди. Жумладан, ҳифз йўналишида (26-40 ёшгача) ўнҳаятлик Абдурасул Турсунов иккинчи, 18-25  ёшлилар ўртасида Абдулбосит Абдувалиев биринчи, Муҳаммадсодиқ Ҳакимов (Машад) иккинчи, тиловат  йўналиши бўйича (26-40 ёшлилар) Исроилжон Аҳмаджонов (Ўнҳаят) биринчи, Муҳаммаджон Худойбердиев (Шифокор МФЙ) иккинчи, 18-25 ёшлилар ўртасида Абдулазиз Маҳмуджонов (Бирлашган) иккинчи, Билолхон Жўраев (Ўнҳаят) учинчи, хотин-қизлар ўртасида тиловат йўналиши бўйича (26-40 ёшлилар) Холида Эргашева (Ёркатай) биринчи, Муаттар Аҳмедова (Уйчи қишлоғи) иккинчи, 18-25 ёшлилар ўртасида Уйчи шаҳарчасидан Саодат Абдувойитова, Наимахон Мамажоновалар иккинчи ўринларни қўлга киритдилар.

Юқори натижа кўрсатган иштирокчиларга ташкилотчилар ҳамда ҳомийларнинг музлатгич, телевизор, маиший техника жиҳозлари каби қимматбаҳо совғалари топширилди.

Тадбир жараёнига туманимизда пухта тайёргарлик кўрилгани, жоме масжидининг безатилиши ва тарғибот панолари, иштирокчиларнинг овқатланиши, томошабинлар учун яратилган шарт-шароитлар юқори даражада ташкил этилгани алоҳида эътироф қилинди.

Мусобақада туман бош имом хатиби Исроилхон Қирғизбоев, жамоат ташкилотларининг  вакиллари қатнашдилар.