ҚИСҚА САТРЛАРДА
Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда «Chevrolet Orlando» автомобилини ишлаб чиқариш тўхтатилади.
***
«Uzbekistan Peugeot Citroen Automotive» заводида йилига 16 минг «Peugeot Expert» ва «Peugeot Boxer» русумидаги экспортбоп тижорат автомобиллари ишлаб чиқарилади.
***
Марказий банк маълумотига кўра, март ойи охиригача нақд пул олиш мумкин бўлган банкоматлар сони қарийб 600 тага етказилади.
***
Наманганда йилига 500 минг тонна цемент ишлаб чиқарадиган завод қурилиши бошланди.
***
«Ўзбекистон почтаси» республика бўйича курьерлик жўнатмаларининг чекланган вазнини 50 килограммгача оширди.
***
Ўзбекистон Республикаси Марказий банкида тушлик вақти 13:00 дан 14:00 гача этиб белгиланди.
***
Адлия вазирлиги шу йил 1 февралдан бошлаб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун давлат божи ва бошқа тўловларни электрон тарзда амалга ошириш механизмини жорий этди.
***
Республикамизда пилла етиштиришни кўпайтириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилди. Унга кўра, келгуси йилда ипак қуртини 3-4 марта парваришлаб, мўл ҳосил олиш мумкин. Тутзорларда паррандачилик, асаларичилик, чорвачилик ва қуёнчиликни йўлга қўйиш, такрорий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш имконияти бўлади. Бунинг учун ҳар 5 гектар тутзорда биттадан инновацион пилла етиштириш маскани барпо этилади.
***
Давлатимиз раҳбарининг 2018 йил 26 январдаги «Шошилинч тиббий ёрдам тизимини жадал такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида шошилинч ва кечиктириб бўлмайдиган тиббий ёрдам мулкий шакли ва бошқарувидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида аҳолига бепул кўрсатилиши белгиланган.
***
Жорий йилнинг 1 февралидан мамлакатимизда автомобилларга ўрнатилган газ баллонларининг Хитойда ишлаб чиқарилган тури – композит қопламасидан фойдаланиш тақиқланади.
***
Вазирлар Маҳкамасининг «Архитектура ва қурилиш соҳасидаги олий таълим муассасаларида сиртқи (махсус сиртқи) таълимни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
***
2018 йилда телефон рақамлари иккита қўшимча рақамга узунроқ бўлади, минтақа коди қўшилади. Шу тариқа шаҳарлараро рақамларга қўнғироқ қилиш жараёни ҳам енгиллашади.

