КЕЛАЖАККА ТАҲДИД
Инсоният тараққиётнинг янги-янги чўққиларини забт этмоқда. Бироқ жаҳонда халқлар, миллатлар келажагига таҳдид туғдирувчи бир қанча омиллар ҳамон сақланиб қолмоқда. Ана шундай хатарлардан бири гиёҳвандлик балосидир.
Ўтган асрдан бизга «мерос» бўлиб қолган трансмиллий жиноятчиликнинг энг хавфли турларидан бири наркотик моддалар билан савдо қилиш (наркобизнес) ҳисобланади. Ҳозирги кунда ер юзидаги наркобизнесда айланаётган пул маблағи дунё аҳолисининг озиқ-овқат, кийим-кечак, тураржой, таълим тизими ва тиббий хизматга сарфланаётган харажатларидан анча кўплиги билан фарқланиши ҳеч кимга сир эмас. Энг ачинарлиси, гиёҳвандлик оғир жиноятларнинг содир этилишига, оилалар ва миллат генофондининг бузилишига сабаб бўлмоқда. Статистик маълумотларга кўра, дунёда 500 миллиондан ортиқ одам гиёҳвандлик дардига йўлиққан. Унинг аксарият қисмини 30 ёшгача бўлганлар ташкил этмоқда. Бунинг оқибатида ҳар йили 200 мингдан ортиқ киши ҳаётдан кўз юмади. Шу билан бирга, жаҳонда содир этилаётган жиноятларнинг 57 фоизи гиёҳвандлар ҳиссасига тўғри келади.
Таъкидлаш жоизки, гиёҳванд моддаларни ёшларимиз ичида тарқатаётганлар жамиятимизнинг душманлари ҳисобланади. Юртимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда «аср вабоси» деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлигига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилмоқда ва кенг тушунтирилмоқда. Шу-нинг учун ҳар биримиз келажагимиз бўлган фарзандларимизга, ўқувчи ва талабаларимизга, маҳаллаларда ёшларимизга бепарво бўлмайлик. Уларнинг тарбияси билан жиддий шуғулланишимиз, қаерда, кимлар билан юрганидан, нима иш қилаётганларидан бохабар бўлишимиз даркор. Халқи-миз келажаги бўлган ёшларга, уларнинг тарбияси, илм олишларига эътибор бериб, келажакда Ватан учун хизмат қиладиган бўлишларига интилайлик.
Анваржон РАҲМОНОВ,
департаментнинг туман бўлими катта суриштирувчиси,
Ваҳобжон АСРАБОЕВ,
туман ИИБ ЖҚБнинг тезкор вакили, капитан.

