СИЗ ҚАНДАЙ КИТОБ СОВҒА ҚИЛДИНГИЗ?

Китоб мутолааси инсонни комиллик сари етаклайдиган, унга маънавий озуқа берадиган, зеҳнни ўткир, тафаккурни кенгайтирадиган воситадир. Бугун биз фарзандларимиз учун китоблар олиб бериб, уларни китобга ошно  қилиб тарбиялаяпмизми?

Бола дастлабки тарбияни оилада олганлиги сабабли, оила болаларни китобга қизиқтирувчи асосий маскандир. Шундай оилалар борки, ота-оналар фарзандлари билан биргаликда китоблар ўқиб, олган таассуротларини муҳокама қилишади. Шунинг учун ҳам бу оилада тарбияланаётган болаларда фикрлаш қобилияти ривожланиб, аниқ мақсадлар сари интилиш, ижтимоий фаоллик юзага келади. Бироқ баъзи бир оилаларда ҳеч бир оила аъзоси китоб ўқишга қизиқмайдиганлари ҳам учрайди. Бундай оилаларда тарбияланаётган болаларнинг кўпчилиги савияси ва дунёқараши паст, фаоллиги суст бўлади.

Юқоридаги фикрлар асосида хулоса қилсак, ўқиш маданияти ва мутолаа кўникмаларини болаликдан шакллантиришимиз керак. Ҳар бир оилада ота-она ёшлигиданоқ фарзандларига китоб олиб бериши ва шу орқали китобга қизиқиш уйғотиб, болада ёшлигиданоқ мутолаага кўникма ҳосил қилиши зарур.

Азизлар,  келинглар, фарзандларимизни китобхон қилиб тарбиялайлик. Зеро, китоб дунёни билишда, ўзини англашга, самимийликка ўргатадиган энг яхши дўстдир.

Қадрли ота-оналар, бугун сиз фарзандингизга қандай китоб совға қилмоқчисиз?

Наима НУРМАТОВА,

36-мактабнинг бошланғич синф ўқитувчиси.