ТИЛ БИЛГАН – ЭЛ БИЛАДИ

Замонамиз шиддат билан ривожланиб, тараққий этиб бормоқда. Давр билан ҳамнафас яшаётган, ўзини зиёли, деб ҳисоблайдиган  ҳар бир киши камида 2 тадан чет тилини билиши керак. Шахс камолоти нафақат ўзи учун, балки давлат ва жамият тараққиётининг равнақи учун ҳам муҳим ўрин эгаллайди. Бу нуқтаи назарга бугунги кун нигоҳи билан ҳам, буюк аждодларимизнинг тил ўрганиш ҳақидаги ёндашувларида ҳам кўришимиз мумкин. Жумладан, шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур комил шахс сифатида вояга етгунга қадар барча туркий тилларни ўрганишга эришган.

Ёш даврлари психологиясига кўра, бола 3-5 ёшдан чет тилларини ўрганиши мумкин. Мактабгача тарбия ёшидаги боланинг тафаккури аниқ тафаккур бўлиб, у нималар идрок этса ёки тасаввур қилса, ўша нарсалар ҳақида фикр юритади. Бундан келиб чиқадики, 3-5  ёшдаги болаларга расмлар, яъни  кўргазмали воситалар ёрдамида чет тилини қисман ўрганишларига имконият яратишимиз мумкин. Ҳозирги кунда барча мактабгача таълим муассасаларида инглиз тили тўгараклари ташкил этилган бўлиб, тарбияланувчиларнинг 70 фоизи жалб қилинган.

Халқимизда: «Тил билган – эл билади», -деб бежиз айтилмаган. Шундай экан, фурсат борида тил ўрганишга киришмоқ керак.

Гулмира УСМОНОВА,

26-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.