ШОДИЯБОНУ КЕЛТИРГАН ШОДЛИКЛАР

Мен раҳбарлик қилаётган синфда Шодиябону Шарифжонова синфдош дўстларига ўқишдаям, одоб-ахлоқдаям намуна. У нафақат туман, балки вилоят маорифчилари орасида ўз мавқеига эга бўлган Шарифжон ака Каримовнинг набираси. Унинг отаси Шавкатжон Шодиябонуга катта умидлар боғлаб, 4 ёшлигидан бадиий гимнастика тўгарагига берган. Наманган шаҳар 1-БЎСМда устозлар Элмира Муҳаммадиева, Асила Жўраева қўл остиларида машғулотларга астойдил киришган Шодиябону вилоят ва республика  миқёсидаги нафосат маликаларининг баҳсларида бир неча бор шоҳсупанинг юқори поғонасидан жой олган. Унинг шода-шода медаллари сафи яна биттага кўпайди.

Яқинда ўтказилган вилоят биринчилигида гимнастикачи қизимиз рақибларидан бир неча очкога илгарилаб, фахрли  1-ўринни эгаллади.

Умидли спортчимиз Шодиябону Шарифжонованинг ушбу ғалабасини эътироф этиб, мактабимизда тадбир уюштирилди. Унда мактаб директори Зулхумор Каримова Шодиябонунинг навбатдаги ғалабаси билан самимий қутлаб, унга эсдалик совғасини топширди. Ўз навбатида, чемпион қиз турнир таассуротлари ҳақида ўртоқлашди, эътибор ва эҳтиром учун устозларига миннатдорчилик билдирди.

Қундузхон ДАРВИШЕВА,

29-мактабнинг 2-«А» синф раҳбари.