ЯНГИ ИСЛОҲОТЛАР САРИ ЙЎЛ

Мамлакатимиз ривожланишининг янги босқичи сифатида эътироф этилган 2017 йил барча соҳалар каби мудофаа соҳасида ҳам туб ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Улар қаторида Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони ташаббуси асосида Олий Мажлис палаталари томонидан Ўзбекистон Республикаси янгиланган Мудофаа доктринасининг қабул қилиниши улкан сиёсий-ҳуқуқий аҳамиятга эга воқеа бўлди.

Янгиланган Мудофаа доктринаси Президентимизнинг кўрсатмаларига таяниб, Ҳаракатлар стратегиясининг «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили» Давлат дастури ижроси доирасида тайёрланган. Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги ва суверенитетининг мустаҳкамлаш устувор вазифа сифатида аниқ белгилаб қўйилган ушбу янгиланган ҳужжатнинг қабул қилиниши тартиби ҳамда мазмуни бир қатор ўзига хос хусусиятларга эга. Ушбу доктрина Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлик тамойилини, яқин қўшнилар билан дўстона ва амалий муносабатларни ривожлантиришни ифода этади.

Ўтган қисқа даврда миллий армиямизни ислоҳ қилиш бўйича аниқ чора-тадбирлар қабул қилиниб, Қуролли Кучларимиз қиёфасини тубдан ўзгартириш жараёни кенг миқёсда бошлаб юборилди. Шу маънода Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мудофаа саноати давлат қўмитасини ташкил этиш тўғрисидаги қарори билан мамлакатимизда мудофаа мақсадидаги буюртмалар ва ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича ягона сиёсатни мувофиқлаштириб борувчи махсус орган тузилиши айни муддао бўлди. Қарорга мувофиқ, давлат қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари тизимига қурол-яроғ, ҳарбий техника, моддий буюмларни етказиб бериш ва таъминлаш билан шуғулланади. Бир қатор давлатлар, шу жумладан, ҳарбий техника ишлаб чиқариш соҳасидаги етакчи компаниялар билан ҳарбий техника соҳасида ҳамкорлик кенгайтирилади.

Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа доктринаси шундай концептуал ҳужжатлар қабул қилиш борасидаги чет эл тажрибасига тўлиқ мос келади, хавфсизлик ва мудофаа соҳасида бошқа чет давлатлар билан самарали ҳарбий-сиёсий муносабатлар ва ўзаро ҳамкорлик қилиш учун қулай ташкилий-ҳуқуқий шароитлар яратади, соҳада анчадан буён ўз ечимини кутаётган масалаларни тизимли ҳал этишга ва ислоҳотларни янада чуқурлаштиришга хизмат қилади.

Х.ШУКРИЛЛОЕВ,

туман мудофаа ишлари бўлими бошлиғи, майор.