ҒОЛИБЛАР ТАҚДИРЛАНДИ
«Намунали таянч пункти» кўрик-танловининг туман босқичи якунланди.
Душанба куни туман ҳокимлигида бўлиб ўтган йиғилишда профилактика инспекторлари орасида етарли иш ташкил этганлиги, таянч пунктлари жиҳозланиши, хизмат фаолиятида, касбий ва жанговар тайёргарликда юқори кўрсаткичларга эришган, хизмат ҳудудидаги аҳоли ўртасида ҳурматга эга бўлган соҳа фидойиларининг меҳнатлари алоҳида эътироф этилди.
Дўстлик МФЙга хизмат кўрсатувчи 1-сонли Марказий таянч пункти профилактика катта инспектори, капитан Ботир Турсунов 1-ўринга муносиб топилди. Умид, Қўрғонча, Ўнҳаят, Истиқлол МФЙларига хизмат кўрсатувчи 2-, 270-сонли таянч пункти профилактика катта инспекторлари Акмал Одилов, Жаҳонгир Абдураҳимовлар иккинчи, учинчи ўринларни қўлга киритишди.
Шунингдек, «Энг обод ва осуда маҳалла раиси» номинацияси бўйича Мустақиллик МФЙ раиси Абдулбоқи Мусабоев, «Фидойи маҳалла посбони» номинацияси бўйича Мирзаровот МФЙ посбони Саидаҳмад Тожиматов, «Маърифатпарвар маслаҳатчи» номинацияси бўйича Даҳиякота МФЙ маслаҳатчиси Рашида Маҳмудовалар ғолиб деб топилдилар.
Ғолибларга диплом ҳамда совғаларни туман ҳокими, туман Кенгаши депутати Абдуғани Турдиев, туман ИИБ бошлиғи Санжар Абдуллаев топширдилар.

