«ОММАВИЙ МАДАНИЯТ»ГА БАРҲАМ БЕРИЛСА…

Мамлакатимизда амалга оширилган маънавий-маърифий чора-тадбирлар натижасида бугунга келиб дафтарлар устидаги беҳаё суратлар, футболкалардаги маънисиз ёзувлар, хорижий бадиий ва мультфильмлардаги беҳаё саҳналар, уятсиз мусиқий клиплар ва реклама роликлари каби «оммавий маданият» кўринишларига барҳам берилди.

Афсуски, бугун баъзи ёшларимизнинг миллий маданиятимизга зид ҳолатда «севишганлар куни», «авлиё Валентин куни», «Хеллоуин» каби байрамларни нишонлашлари, ахлоқий бузуқлик, зўравонлик, эгоцентризм, порнографик мазмундаги материалларни томоша қилиши ва тарқатиши, хорижий “юлдуз”ларга тақлид қилиб, очиқ кийимлар кийиши, баданига турли татуировкалар чизиши, қизларнинг тамаки чекиши, йигитларнинг ўпишиб саломлашишларида қадриятларимизга мутлақо ёт, маънавий ва ахлоқий тубан иллатларни ўз ичига олган хуружлар йиғиндиси бўлган «оммавий маданият»нинг таъсири яққол кўриниб турибди.

Миллат келажагига бефарқ бўлмаган ҳар бир фуқаро англаб етиши лозимки, «оммавий маданият»ни тарғиб қилаётган ғаразли кучларга аслида ҳеч қандай маданият ва инсон маънавияти, ахлоқий қоида-ю қадриятларнинг асло кераги йўқ. Бир сўз билан айтганда, ҳамма нарсага эркинлик нуқтаи назаридан қарайдиган «оммавий маданият»нинг асосий мақсади одамнинг иродасини сусайтириш, ўзининг ҳаётига, атрофидаги одамларга қарши қўйиш ва охир-оқибатда эркинлигидан жудо қилишдир.

Халқимизнинг гўзал маънавий қадриятларга йўғрилган ор-номус, уят ва андиша, шарму ҳаё каби тушунчаларини ҳаётимиз мазмунига айлантиришимиз, айниқса, кексаларимизга, ота-онага ҳурмат, аёлга эҳтиром, мардлик ва жасурлик сингари хислатлар билан қалбимизни сайқаллашимиз асосий вазифа бўлмоғи лозим.

Муниса АБДУВАЛИЕВА,

НамДУ талабаси.