ЭЛ ОНА ТИЛИ БИЛАН ЭЪЗОЗЛИ

Статистик маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда 6 мингдан зиёд тил мавжуд. Асримиз бошига келиб, бу кўрсаткич 7,5 мингдан ортиқ эди. Кузатишларга қараганда, ҳафтасига 2 та тил йўқолиб кетиши арафасида экан. Бу айтишгагина осон. Аммо тасаввур қилишга келганда, ҳар кимнинг ҳам онг-шуури бунга қодир эмас.

Тилнинг ер юзидан йўқ бўлиб кетиши ва ўлик тилга айланишига бир неча факторлар хизмат қилади. Шуларнинг энг асосийларидан бири мана шу тилда ўқитиладиган мактабларнинг йўқолишидир. Америка қитъасидаги ҳиндулар, Автралиядаги аборигенлар тилларининг йўқолиб кетганига кўпчилигимиз гувоҳмиз.

Шукрки, ўз она тилимизда сўзлашувчи халқ, уни боши узра кўтарувчи давлатимиз бор. Ҳазрат Навоий асос солган адабий тилимизнинг ранг-баранглиги, жилвакорлиги, гўзаллиги ҳеч бир етакчи тиллардан қолишмайди. Уни асраб-авайлаш, унга чуқур ҳурмат ва эҳтиромда бўлиш, энг аввало, ўзимизнинг бурчимиз. Биз тилимизни қанчалик эъзозласак, юксакларга кўтарсак, ривожлантирсак, ўзгаларнинг ҳам муносабати шунга яраша бўлади. Шоир Муҳаммад Юсуф таъриф берганидек: «Ўз она тилингда ёзиш бахтини берган бизга». Мана шу ҳикматни ҳеч қачон ёдимиздан чиқармайлик. Зеро, миллат шаъни, юрт қадр-қиммати ўз она тилимизга муносабатимиз орқали шаклланади.

Зуҳрахон СОТИБОЛДИЕВА,

22-мактабнинг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси,

Гулчеҳра МАМАСОЛИЕВА,

29-мактабнинг инглиз тили фани ўқитувчиси.